Тожикистонлик журналистлар Самарқандда
Юртимизда меҳмон бўлиб турган Тожикистон Журналистлар иттифоқи делегацияси бугун Самарқандга келди.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими вакиллари томонидан кутиб олинган меҳмонлар дастлаб самарқандлик ҳамкасблари билан бирга Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида ўзбек ва тожик адабиётининг икки буюк мутафаккири – Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийнинг ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.

Шундан сўнг тожикистонлик журналистлар Самарқанд вилоят Матбуот уйида бўлиб, вилоят “Зарафшон”, “Самаркандский вестник” ва “Овози Самарқанд” газеталари таҳририятлари ҳамда Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими фаолияти билан яқиндан танишди. Меҳмонларга бой тарихга эга нашрларнинг ўтмиши ва бугунги куни, уюшма вилоят бўлими қошида ташкил этилган журналистик маҳорат мактаби, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

– Давлатларимиз раҳбарларининг оқилона сиёсатлари туфайли кейинги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида барча соҳаларда ҳамкорлик ривожланиб бормоқда, – деди Тожикистон Журналистлар иттифоқи раиси Зинатуллоҳ Исмоилзода. – Жумладан, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси билан яқин алоқа ўрнатиб, ижодий масалаларда биргаликда ишлаётганимиз қувонарли. Бу ўзбек ва тожик журналистикаси учун ҳам бирдек манфаатли бўлмоқда. Жумладан, Самарқандга иккинчи марта келяпмиз ва бу ердаги оммавий ахборот воситалари билан ижодий алоқаларни йўлга қўйганмиз. Бундай учрашувларимиз алоқаларимиз кўламини кенгайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Самарқанд вилояти матбуотининг бир асрдан ортиқ тарихини ўзида мужассам этган музей ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Тожикистонлик журналистлар Амир Темур мақбараси ва бошқа тарихий обидаларни зиёрат қилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА.