Тожикистонлик кузатувчилар Жиззахда
Жиззах вилоятидаги 522 та референдум участкасида овоз бериш жараёни давом этмоқда. Вилоятда ўтаётган умумхалқ референдуми жараёнларини кузатиш мақсадида бир гуруҳ тожикистонлик халқаро кузатувчилар 4-Жиззах округига ташриф буюрди.
Биз мамлакатимизда ўтаётган сиёсий жараён – умумхалқ референдумининг бориши ҳақидаги уларнинг фикрлари билан қизиқдик.
– Мен биринчи бор Ўзбекистонга 2021 йилги Президент сайловида халқаро кузатувчи сифатида келганман, – дейди Тожикистон Республикасидан келган кузатувчи Виктор Ким. – Ўшандаёқ сайлов участкаларида жараёнлар рақамлаштирилганига гувоҳ бўлганман. Бу гал эса мен референдумини демократик тарзда ўтиши ва ташкилий ишлар, жумладан, биргина Жиззах вилоятидаги 13 та региондаги 522 та референдум участкаси марказлаштирилгани ва ҳар бир регионда туриб ўзларига қарашли бўлган участкалардаги жараённи онлайн тарзда кузатиб борилаётганидан ҳайратландим.
Менга энг манзур бўлгани халқингизни самимийлиги, меҳмондўстлиги ва асосийси ушбу сиёсий жараёнда жуда фаол қатнашаётгани, янгиланган Конституцияни халқ қалбидан жой олгани учун ҳам шундай фаоллик бор ва референдум том маънода умумхалқ референдуми эканини англатмоқда, деб ўйлайман.
[gallery-11669]
Мен юртингизда ўтаётган бугунги умумхалқ референдумидан ўзимга жуда катта тажриба олмоқдаман, жуда кўп нарсаларни ўргандим. Ўзбекистоннинг ушбу сиёсий жараённи ўтказишдаги демократик тамойилларга тўла-тўкис амал қилиниши нафақат мамлакатингизда, балки, Марказий Осиёда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
– Мен Ўзбекистонга бир неча бор келганман ва ҳар гал келганимда бу мамлакатда жуда улкан иқтисодий, ижтимоий, қурилиш, қишлоқ инфратузилмаси ва сиёсий юксалишлар сари бўй чўзаётганига гувоҳ бўлаяпман, – дейди яна бир тожикистонлик халқаро кузатувчи Рустам Ҳайдаров. – Бу ўсиш, бу юксалиш, энг қувонарлиси, Ўрта Осиё давлатларининг барчасида, жумладан, Тожикистонда ҳам изчиллик билан бораётганини айтиш мен учун жуда қувончлидир.
Биз ўзимиз бориб, гувоҳи бўлган ҳар бир округ, ҳар бир референдум участкасига бириктирилган комиссия аъзолари, нафақат Жиззах вилоятида, балки Ўзбекистоннинг биз бўлган бошқа ҳудудларида ҳам ўз вазифаларини жуда яхши билишларига, жуда мукаммал ўзлаштириб олганларига гувоҳ бўлдик ва буни алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим.
Энди референдумга оддий халқ муносабатига келадиган бўлсам, биз бир қанча юртдошларингиз билан мулоқотда бўлдик ва улар ушбу янгиланган Конституциянгизни ҳақиқий халқчил Қомусимиз деб таъкидлашди ва референдумда ҳам шундай фаол иштирок этаётганига ўзимиз шоҳид бўлдик.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА