Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга расмий ташрифи чоғида турли соҳаларга оид 35 та шартнома ва келишувлар имзоланди.
Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов бугунги брифингда шулардан транспорт соҳасига таалуқли келишувлар ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берди:
– Албатта, транспорт ва транзит муҳокамаси ташрифнинг асосий кун тартибидаги масалалардан бири бўлди. Жумладан, икки мамлакат транспорт вазирлари томонидан Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали юклар транзити тўғрисида битим имзоланди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон транспорт ва транзит соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, темир йўл, автомобиль ва ҳаво транспортида ташишларни кўпайтириш учун бундан буён ҳам қулай шароит яратишга келишиб олинди.
Жумладан, автомобиль транспорти қатновлари кенгайтирилади, автобуслар қатнови ва темир йўл орқали йўловчиларни ташиш қайта тикланади. Юк ташишлар учун преференциялар тақдим этиш давом эттирилади, – деди Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов.
Б.Худойбердиев, ЎзА