Ҳиндистон 2036 йилги ёзги Олимпия ўйинларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритса, дунёнинг етти мўъжизасидан бири ҳисобланган Тож Маҳал Олимпия ўйинларининг рамзларидан бирига айланиши эҳтимолдан йироқ эмас.
Бу ҳақда "Times of India" нашри хабар тарқатди. Унда айтилишича, Тож Маҳал мажмуаси жойлашган Агра шаҳри Олимпия ўйинларининг мусобақа ва тадбирлари ўтказиладиган мамлакатдаги 3 та йирик шаҳарлардан бири бўлиши белгиланмоқда. Бу, Ҳиндистон тўрт йиллик ўйинларни ташкил этиш бўйича ўз позициясини мустаҳкамлаганини англатмоқда.
Ҳиндистон 2036 йилги Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилиш аризасини Халқаро Олимпия қўмитасининг (ХОҚ) Келажакдаги мезбонлар комиссиясига жорий йил октябрь ойида тақдим этганди. Дастлаб 132 минг ўринли Нарендра Моди стадионига эга Аҳмадобод ва мамлакатнинг молиявий маркази Мумбай Олимпиада тадбирлари ўтадиган асосий шаҳарлар сифатида кўрсатилганди. Энди улар сафига Ҳиндистон рамзи саналадиган Тож Маҳал ёдгорлигига эга Агра ҳам қўшилиши мумкин. Дунёнинг етти мўъжизасидан бири – Тож Маҳални 2036 йилги Олимпия ўйинлари рамзига айлантириш саъй-ҳаракати амалга ошса, бу нафақат Ҳиндистон маданий меросини, балки улуғ бобокалонларимиз темурийлар, бобурийларнинг бой мероси, қадриятлари жаҳон миқёсида улуғланишига ҳам хизмат қилиши билан қадрлидир.
Айтиш лозим, 2036 йилги Олимпия ўйинларини қабул қилиш борасида Ҳиндистон ҳаракати Токио олимпиадасидан аввал бошланган бўлиб, расман 2023 йили Мумбай шаҳрида ўтган Халқаро олимпия қўмитасининг 141-сессиясида эълон қилинди. Ўтган йиллар давомида Ҳиндистон олимпия ассоциацияси бу борада ХОҚ билан бир неча бор стратегик муҳокамалар ўтказди. Ҳозирда 2026 йилги ёзги Олимпия ўйинларини қабул қилишга Индонезия, Туркия ва Чили давлатлари номзод саналади. ХОҚнинг 2036 йилги Олимпиадани қабул қиладиган мамлакат ҳақидаги қарори 2025 йилдан кейин қабул қилинади.
Т.Рўзиев, ЎзА