Тозаликни ўрнатиш — ҳамманинг бурчи
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида Бутунжаҳон тозалик куни муносабати билан пойтахтимизнинг Бобур номидаги эко боғида экофестиваль бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизкти, Бутунжаҳон тозалик куни — бу инсоният ўзи яшаб турган ҳудудда тозаликни ўрнатиш ғоясини ифода этади. Маълумотларга кўра, ғоя даставвал 2008 йил Эстонияда вужудга келиб, 50 000 кўнгиллилар мамлакатни чиқиндилардан холи этиш учун бирлашган. Бугунги кунга келиб мазкур кун кўнгиллиларнинг бир кун давомида 180 дан ортиқ мамлакатни бир мақсад сари бирлаштирувчи йирик ижтимоий ҳаракати ифодасини топган жараёнга айланди.
Ўзбекистонда эса ушбу санага бағишланган тадбирлар илк бор 2019 йилдан бошлаб ўтказиб келинмоқда.

Ушбу сана муносабати билан ташкил этилган экофестиваль доирасида тегишли масъуллар атроф-муҳит тозалигини сақлаш, яшаб турган ҳудудни ифлослантиришга қарши курашиш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ватанимиз гуллаб-яшнаши, юртимиз ободлиги йўлида ўзини дахлдор билган ҳар бир инсон ҳудудларнинг тоза-озодалиги, мусаффолиги учун ўз ҳиссасини қўшиши лозимлиги таъкидланди.
Экофестивалда иштирок этган кўнгиллилар боғ ҳудудини тозалаш ва ободонлаштириш ишларига киришиб кетишди.