Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги республика ишчи гуруҳи томонидан Бухоро вилоятини “Тозалик ва яшиллик макони”га айлантириш бўйича тарғибот ҳаракатлари доирасида ўрганишлар олиб борилди.
Ўрганиш давомида вазирлик ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги, вилоят Экология бошқармаси тезкор гуруҳи масъуллари ҳамда вилоят Ички ишлар ва Миллий гвардия бошқармалари вакиллари иштирокида ҳудудларнинг санитар ҳолати юзасидан экологик назорат рейд тадбирлари ўтказилди.

Унда Когон шаҳри, Шофиркон ва Ғиждувон туманларида жойлашган озиқ-овқат ҳамда буюм бозорлари санитария талабларига жавоб бермаслиги, санитар тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш талаблари бузилганлиги аниқланди. Ҳолат юзасидан “Ғиждувон деҳқон бозори”, “Когон савдо маркет”, “Когон Сохибкор деҳқон бозори”, “Шофиркон деҳқон бозори” ва “Шофиркон савдо комплекси” маъмуриятининг жами 5 нафар мансабдор шахсларига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли суд органига тақдим этилди.

Шунингдек, ўрганишда бир қатор фуқаролар томонидан белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш ҳолатлари аниқланди. Ҳар бир ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва 375 минг сўмдан жарима қўлланилди.

Агентлик масъуллари ва Экологик давлат назорат инспекторлари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлар ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди. Унда санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш ҳамда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш қоидалари батафсил тушунтирилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.