Ҳозир Тошкент вилоятида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш, ҳудудларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш борасида тегишли чоралар кўрилмоқда. Ҳозирда аҳолининг 79,9 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган бўлиб, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятининг шаҳар ва туман филиаллари тасарруфида бўлган 827 та сув иншоотларидаги 1 минг 238 та насос агрегатлари орқали ичимлик сув ишлаб чиқарилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, вилоятдаги жами ичимлик сув тармоқларининг узунлиги 7 минг 564 километр бўлиб, шундан 2 минг 490 километр қисми таъмирлаб. Ушбу ҳолатни бартараф қилиш ҳамда сув йўқотишларини камайтириш учун ўтган йил тегишли маблағлар ҳисобидан жами 172,5 километр ичимлик сув тармоқлари ҳамда 180 та насос ускуналари мукаммал ва жорий таъмирланди.
Бундан ташқари, жойларда 183 дона янги насос агрегатлари ўрнатилди. Натижада 20 минг нафардан ортиқ аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди. Туман-шаҳарларда жойлашган иншоотлардаги электр энергия сарфини қисқартириш мақсадида қуёш панеллари ҳам ўрнатилмоқда. Аҳолига узлуксиз ичимлик сув етказиб бериш мақсадида жамиятнинг шаҳар-туман филиалларида жами тажрибали диспетчерлар, аварияларни бартараф этиш бўйича бригадалар, ишчи ходимлар ва авария содир бўлганда уни бартараф қилишга кўмаклашувчи машиналар мавжуд.
Юзага келган аварияларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида барча зарур жиҳозлар, асбоб-ускуналар ҳудудий филиаллар омборхоналарида захира сифатида сақланади. Хусусан, Ангрен шаҳар сув таъминоти филиалининг “Гулбоғ” сув иншоотига замонавий янги насос агрегати ўрнатилди. Ушбу сув иншооти 1971 йилда қурилган бўлиб, 1 минг 730 нафардан ортиқ истеъмолчини ичимлик суви билан таъминлаб келмоқда.
Амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар жойларда тоза ичимлик сувини белгиланган тартибда аҳоли хонадонларига етказиб беришга хизмат қилмоқда. Ўз навбатида айрим фуқаролар томонидан ноқонуний тарзда ичимлик сувидан фойдаланганларга эса тегишли тартибда чоралар қўлланилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА