Тоза ҳаво – саломатлик гарови
Мамлакатимизда жорий йилнинг 10 апрелидан 10 май кунига қадар «Тоза ҳаво» ойлиги эълон қилинди. Мазкур ойлик доирасида Сурхондарё вилоятида 6 мингта автотранспорт воситасини кўрикдан ўтказиш белгиланган.
Дунёда саноат корхоналари ва транспорт воситаларининг кескин ошиб бораётгани атмосфера ҳавосига ташланадиган зарарли ташламаларни кўпайтириб, инсоният олдига жиддий муаммоларни кўндаланг қўймоқда.
Мамлакатимизда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуни атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Жумладан, мазкур қонуннинг 1-моддасида атмосфера ҳавоси табиий ресурслар таркибига киритилгани ва давлат томонидан муҳофаза қилиниши алоҳида белгилаб қўйилган.
Маълумотларга кўра, Сурхондарё вилоятида атмосфера ҳавосига жами ташланадиган ташламаларнинг 95 фоизи ҳаракатланаётган транспорт воситаларидан ҳосил бўлади. Ойлик доирасида вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари ҳамкорлигида атмосфера ҳавосига белгиланган меъёр даражасидан юқори зарарли ташлама ташловчи транспорт воситаларини аниқлаш ҳамда ҳайдовчиларга унинг оқибатларини тушунтириш, транспорт воситаларидан чиқаётган зарарли газлар миқдорини меъёр даражасига келтириб, атмосфера ҳавосига бўладиган зарарли таъсирлар миқдорини камайтиришга қаратилган тадбирлар ташкил этилмоқда.
«Тоза ҳаво» ойлиги давомида воҳада 6 мингта автотранспорт воситасини кўрикдан ўтказиш режалаштирилган. Шу кунгача кўрикдан ўтган 1 минг 233 та автотранспортнинг 16 тасида атмосфера ҳавосига зарарли ташлама ташлаш меъёридан ортиқлиги аниқланиб, ҳайдовчилар белгиланган тартибда огоҳлантирилди. Мамлакатимиз фуқаролари атроф табиий муҳитнинг ифлосланишига жавобгар экани атрофлича тушунтирилди.
«Тоза ҳаво» ойлиги доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА