Бу саволга ушбу туманда чорвачилик йўналишида амалга оширилаётган лойиҳаларга бағишлаб ўтказилган пресс-турда жавоб изланди.
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари "Сиёб – Шавкат – Орзу", "Акмал Тошпўлатович", "Машҳура-Собира Голд" қорамолчилик фермер хўжаликлари ҳамда "Орзу-Олим-Дилмурод" асаларичилик фермер хўжалиги фаолияти билан танишди.
– Туманимиздаги қорамолчиликка ихтисослашган 19 та фермер хўжалигида 4675 бош қорамол мавжуд, – дейди туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Рустам Ҳайдаров. – Мавжуд хўжаликларнинг 15 таси сут, 4 таси гўшт йўналишига ихтисослашган. Шунингдек, туманда учта паррандачилик фабрикаси, учта асаларичилик хўжалиги, 8 та балиқчилик хўжалиги фаолият кўрсатиб келмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида фермер хўжаликлари томонидан 4250 тонна гўшт, 2800 тонна сут, 5 миллион дона тухум етиштирилди. Йил якунига қадар фермер хўжаликлари томонидан 26300 тонна гўшт, 12400 тонна сут, 20 миллион дона тухум, 42 тонна балиқ, 20 тонна асал етиштириш режалаштирилган. Жорий йилда туманда чорвачиликни ривожлантириш мақсадида учта қорамолчилик, 2 та паррандачилик, 1 та асаларичилик, 1 та балиқчилик лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Бугунги кунгача қорамолчилик бўйича 2 та, паррандачилик бўйича 2 та лойиҳа амалга оширилди.
Пресс-тур иштирокчилари амалга оширилаётган лойиҳалар билан бевосита танишди. Жумладан, чорвачилик йўналишида фаолият юритаётган "Сиёб – Шавкат – Орзу", "Акмал Тошпўлатович", "Машҳура-Собира Голд" қорамолчилик фермер хўжаликларида гўшт, сут етиштириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар пресс-тур иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, "Сиёб – Шавкат – Орзу" фермер хўжалигида бугунги кунда 3341 бош қорамол боқилмоқда. Мазкур хўжалик сут йўналишига ихтисослашган бўлим ҳисобланади. Хўжаликда йил якунига қадар яна 300 бош наслли қорамол олиб келиниб, 1650 тонна сут ишлаб чиқариш ва 32 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
[gallery-17700]
“Акмал Тошпўлатович" фермер хўжалиги ҳам чорвачилик соҳасида самарали фаолият юритмоқда. Айни пайтда хўжаликда 327 бош қорамол боқилмоқда. 2023 йилда хўжаликда 250 тонна сут, 9850 тонна гўшт етиштирилган. Жорий йилда хўжаликда қорамоллар сонини ошириш борасида салмоқли режалар бор.
– Хўжалигимиз 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, 2013 йилдан чорвачилик фаолиятини бошлаганмиз, – дейди хўжалик раҳбари Дилшод Муҳаммадиев. – Айни пайтда фаолиятимизни ривожлантириш мақсадида қорамоллар сонини ошириш борасида ишлаяпмиз. Йил якунига қадар ўз маблағимиз ҳисобидан хориждан 500 бош наслли қорамол олиб келишни режалаштирганмиз. Натижада йил якунига қадар 2150 тонна сут етиштириб, 15 та янги иш ўрни яратишни мақсад қилганмиз. Иш самарадорлигини ошириш мақсадида хўжаликда ем ишлаб чиқариш мини цехини ташкил қилганмиз. Бу қорамоллар парваришида муҳим аҳамият касб этишини ўз фаолиятимизда кўриб гувоҳи бўлдик. Шу боис, хўжаликда сутни қайта ишлашни ҳам ривожлантириш борасида ишларни бошладик. Бу бўйича Хитой кампаниялари билан ҳамкорликда режаларни кўриб чиқяпмиз. Албатта, бу лойиҳани ҳам тез фурсатда амалга ошириш ниятидамиз.
Пресс-тур иштирокчилари тумандаги “Машҳура-Собира Голд” фермер хўжалигида чоравачиликни ривожлантириш борасидаги ишлар билан ҳам яқиндан танишди. Хўжалик гўшт етиштиришга ихтисослашган. Шунингдек, хўжалик наслли қорамолларни етказиб бериш фаолиятини ҳам амалга оширмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида хўжаликда 3,3 тонна гўшт етиштирилди. Мазкур хўжаликда ҳам жорий йил якунига қадар 450 бош гўшт йўналиши учун наслли қорамол олиб келиш режалаштирилган.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари пресс-тур давомида тумандаги “Орзу-Олим-Дилмурод” асаларичилик хўжалигида бўлиб, хўжаликда амалга оширилаётган лойиҳаларни кўздан кечиришди.
– Асал минг дардга даво, – деб бежизга айтишмаган дейди хўжалик раҳбари Ориф Илёсов. – Буни кўп йиллик ўрганишлар, изланишлар, етиштириш жараёнида кўриб, гувоҳи бўлиб келаяпман. Кўплаб манбаларда ўта оғир хасталиклар, турли вирусли касалликларни даволашда асалнинг самарали эканлиги қайд этилган. Шу боис, асаларчиликни ривожлантиришда фақатгина етиштириш эмас, балки хорижий тажрибаларга хос тарзда асалари ва асал билан даволаш ишларини йўлга қўйиш борасида изланишдамиз. Шу мақсадда хўжалигимизда “Апидомик” ташкил қилиб, яқин кунларда унинг фаолиятини бошлаш арафасидамиз. Шунингдек, асал ва асал маҳсулотлари билан турли хасталикларни енгишда ёрдам берувчи малҳамлар тайёрлаш бўйича ишларимиз давом этмоқда. Мақсадимиз халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, асаларичиликни янада ривожлантришдир.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари