Ҳибсхона, қамоқхона каби ёпиқ муассасаларда қийноқлар юз бериши, маҳкумлар додини ҳеч кимга айта олмаслиги каби ҳолатлар узоқ эмас, жуда яқин тарих.
Бугунги кунга келиб эса ёпиқ муассасаларда шарт-шароитлар яхшиланиши баробарида улардаги аҳволни мунтазам ўрганиш, мониторинг қилиш тизими ҳам йўлга қўйилди.
Шу мақсадда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳузурида Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳи ташкил этилган.
Бундан ташқари, ҳар бир жазони ижро этиш ва бошқа ёпиқ муассасаларда Омбудсман қутиси ташкил этилган бўлиб, маҳкумлар унга шикоят ва аризаларини ёзиб қолдириши мумкин.
Куни кеча Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳи аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Товоқсой қишлоғида жойлашган 7-сонли жазони ижро этиш муассасасидаги шарт-шароитлар билан танишди.
Омбудсман Феруза Эшматова бошчилигида амалга оширилган мониторинг давомида колониянинг ётоқ жойлари, ошхона, кутубхона, даволаш бўлими, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш ҳудудидаги шароитлар ўрганилди. Шунингдек, маҳкумлар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.
Ушбу муассасада ўтказилган аввалги мониторинг ташрифларидан бирида ошхонадаги шароитларни яхшилаш бўйича Омбудсман томонидан тавсиялар билдирилган. Мониторинг давомида ошхона 2022 йилда тўлиқ таъмирланиб, фойдаланишга топширилгани маълум бўлди. Маҳкумларга 3 маҳал белгиланган тартиб асосида овқат берилади.
“Бу ерга келишимдан олдим қамоқда шароитлар яхши эмаслиги ҳақида турли хил гаплар эшитганман. Ҳозир ҳам кўпчилик шундай деб ўйлайди. Келганимга 11 ой бўлди. Шароитлар яхши. Сифатли овқатлар берилишини тўғриси кутмаган эдим. Дам олиш кунлари ош қилиб беришади. Цехлардаги шароитлар ҳам яхши”, дейди маҳкумлардан бири.
Жамоатчилик гуруҳлари аъзоларининг эътиборини тортган жиҳатлардан яна бири электрон магазин хизматининг жорий этилгани бўлди.
Қайд этиш лозимки, шу кунларда дунё ҳамжамиятининг диққат эътибори Ўзбекистонга қаратилган. Чунки мамлакатда муҳим жараён – Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда. 2023 йил 30 апрель кунига тайинланган референдумда озодликдан маҳрум этилган, бироқ оғир ва ўта оғир жиноят содир этмаган маҳкумлар ҳам овоз бериши мумкин. Мингдан ортиқ маҳкумлар сақланадиган мазкур муассасада 10 га яқин овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган маҳкум бор. Улар конституциявий ислоҳотлардан хабардорлиги, маданий хордиқ пайтида телевизорда турли кўрсатувларни кўришлари ва муассаса томонидан ҳам тушунтиришлар берилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, мониторинг давомида маҳкумларга яратилган меҳнат шароитлари ўрганилди. 7-сон жазони ижро этиш муассасаси раҳбари, полковник Шарофиддин Усмоновнинг сўзларига кўра, ҳозирда 9 та - тикувчилик, ёғоч уймакорлиги, мебеллар тайёрлаш, темирдан ясалган буюмлар ва чиннидан идишлари ишлаб чиқариш, тўқиш ва бошқа цехлар мавжуд.
2022 йилда янги касбга ўргатилган 282 нафар маҳкумга сертификат берилган. Цехлардан тушган фойда ҳисобига яна 2 та янги цех қурилган. Ҳозирда маҳкумларнинг 62 фоизи иш билан таъминланган. Янги цехлар ишга тушиши билан маҳкумлар бандлиги 75 фоизга оширилади. Ногиронлиги бор шахслар, бетоблар ва кекса маҳкумлар ишга жалб этилмайди.
Ишлаб чиқариш цехларида ишбай асосида меҳнатга ҳақ тўланади. Тикувчилик цехида кўп ишлагани учун 2,5-3 миллион сўмгача иш хақи олаётганлар борлиги, аксарият маҳкумлар эса 1 миллион сўм атрофида иш ҳақи олишлари айтилди.
Маҳкумларга яратилган тиббий хизмат сифати ўрганилганда, дори-дармон, кўрсатилаётган тиббий хизмат борасида ҳеч қандай шикоятлар тушмади. Лекин, муассасада 8 та шифокор штатидан ярми вакант экани маълум бўлди.
- Омбудсман ҳузуридаги миллий превентив механизм доирасида жазони ижро этиш муассасалари ва бошқа ёпиқ муассасаларга мунтазам равишда мониторинглар амалга оширилмоқда, - деди Омбудсман ахборот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова. – Мониторингда маҳкумлар билан эркин мулоқотлар олиб борилади, шикоятлар бўлса, эшитилади. Агар статистикага тўхталиб ўтадиган бўлса, 2022 йилда 381 марта мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Бу 2021 йилга нисбатан деярли икки баробар кўп. Жорий йилда ҳам бу йўналишдаги ишлар янада кучайтиришни мақсад қилганмиз, яъни 500-600 га етказиш кўзда тутилган. Муассасада яратилган шароитлар бўйича шикоятлар тушмади. Фақат айрим маҳкумлар тайинланган жазодан норози эканини, айримлари ноҳақ қамалганини айтиб мурожаат қилди. Бундай мурожаатни кўриб чиқиш, албатта, вақт талаб қилади. Бундан ташқари, Омбудсман қутиларидаги мурожаатлар ҳам қабул қилиб олинди. 2022 йилда Омбудсман номига жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячилари (адвокатлари) томонидан турли масалаларда 3,5 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Уларнинг 52,5 фоизи бевосита маҳкум ва маҳбуслар томонидан юборилган.
- Қийноқ билан боғлиқ мурожаатлар бўлганми?
- Қийноқ билан боғлиқ мурожаат бугун бўлмади. 2022 йилда руҳий босим, зўравонлик ўтказиш билан боғлиқ мурожаатлар тушган. Лекин уларнинг кўпчилиги ўз тасдиғини топмади. Бу йўналишда ўтган йилда икки шахс – битта соғлиқни сақлаш, битта ички ишлар органи ходимига жиноят иши қўзғатилди.
2022 йилда Омбудсман номига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахсларга руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлик ҳақида 189 шикоят келиб тушган. Ушбу шикоятларнинг 76,7 фоизи ўтказилган хизмат текширувлари, шунингдек прокуратура идоралари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув якунларига кўра ўз тасдиғи топмаган. 16 таси юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда. 14 таси бўйича жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш белгиланган.
Шикоят ва аризалар кўриб чиқилиши натижасида 2022 йилда прокуратура идоралари томонидан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги 43 та қарор бекор қилиниб, қўшимча суриштирув ва терговга қадар текширув ўтказиш белгиланди. 21 мурожаат бўйича тегишли судлар томонидан 52 нафар маҳкумга тайинланган жазо енгилроғига алмаштирилди, 13 нафар айбланувчига нисбатан танланган эҳтиёт чораси енгилроғига ўзгартирилди. 17 нафар маҳкумнинг (маҳбуснинг) оила аъзоларига моддий ва ижтимоий кўмак берилди. 21 нафар маҳкум Жазони ижро этиш департаменти томонидан инсонпарварлик тамойили асосида, истисно тариқасида, яшаш жойига яқин бўлган ҳудуддаги колонияга ўтказилди.
Хизмат текширувлари якунларига кўра, 11 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилган ва 1 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган, 3 нафар маҳкумга қўлланилган интизомий таъсир чораси ноқонуний, деб топилган ва бекор қилинган.
Мониторинг ташрифи давомида аниқланган камчиликлар юзасидан уларни ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялари киритилади.
Мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар тегишли давлат органлари билан бир қаторда Олий Мажлис палаталарига ҳам тақдим этилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/uD28ht1JgeQ" title="Товоқсойдаги жазони ижро этиш муассасасида шароитлар қандай?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Норгул Абдураимова, Нишон Абдувоитов (видео), ЎзА