Товар коди ўзгартирилгани фош бўлди
Товарларнинг кодини ўзгартириб, божхона тўловларидан қочиш, пировардида, яширин иқтисодиётга қўл уришга бўлган уринишлар соҳа ходимлари томонидан ўз вақтида фош этилмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ва “Тўрткўл” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан Оролбўйида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамиятларидан бирининг номига олиб келинган “саноат кондиционери” товарининг ҳужжатлари текширилганида, тақдим этилган кодлар шубҳа уйғотиб, бошқарманинг ТИФни нотариф тартибга солишни назорат қилиш ва божхона экспертизаси гуруҳи томонидан экспертиза тайинланди.
Хулосага кўра, мазкур товарлар тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилганидек кодга эга эмаслиги ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 20 мартда рўйхатдан ўтказилган Ўзбекистон Республикасига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатини тасдиқлаш ҳақидаги қарор иловасида келтирилган товарлар рўйхатига киритилмаганлиги аниқланди.
Натижада эса 42 миллион сўм божхона тўлови давлат бюджетига ундирилди.
Довуд Абибуллаев,ЎзА