Тошлоқликларнинг муаммоси ҳал этилди
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Тошлоқ маҳалласи аҳолиси 25 йилдан бери экинларни суғориш учун сувдан фойдаланишда жиддий муаммоларни бошидан кечираётган эди.
Шимолий Фарғона каналидан чиқадиган сув минглаб оилалар яшайдиган маҳаллалардан ўтиб, уларгача етиб бормайдиган ҳолатга келганди. Бунинг оқибатида тошлоқликлар сизот сувларни насослар орқали тортиб, экинларни суғоришган.

“Камбағалликдан фаровонлик сари” давлат дастури ижроси натижасида Тошлоқдаги оилаларнинг орзуси ушалди. Дастур доирасида 3 миллиард 195 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди ҳамда зилол сув каналдан маҳалланинг барча ҳудудларигача етиб борди.


– Давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигидан ниҳоятда миннатдормиз. Чунки бугунга келиб 670 хонадон сув билан тўла таъминланди. Ариқларда оқаётган об-ҳаётни кўриб, кўзларимиз қувнаяпти. Мана, энди деҳқончиликдан кўнглимиз тўқ, – дейди “Тошлоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фарҳоджон Маматов.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.