Тошлоқдаги мактаблар янги ўқув йилига тайёр
Фарғона вилоятидаги умумтаълим мактабларида янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўрилди.
Бугунги кунда ёш авлодга сифатли таълим-тарбия бериш борасида кенг миёқсли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Тошлоқ туманидаги мактабларда илғор тажриба яратилган. Намунали таълим масканларида янги педагогик технологиялар асосида ўқитиш йўлга қўйилган.
– Президентимиз томонидан таълим соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар самарасида жамиятда ўқитувчининг нуфузи ошди, таълим-тарбияда сифат тубдан ўзгарди, – дейди туман халқ таълими бўлими мудири Абдумажид Солиев. – Хусусан, ҳозирда энг чекка ҳудуддаги мактабда ҳам билим олиш учун барча шароитлар бор. 52 та таълим масканларимизда қарийб 40 минг нафарга яқин ўғил-қиз таҳсил олмоқда. 2021-2022 ўқув йилига ҳар томонлама тайёргарлик кўрилди. Таълим муассасалари тўлиқ таъмирланиб, тегишли ўқув жиҳозлари ва кўргазмалар билан таъминланди.
Туманда мактабларнинг модий-техника базасини ривожлантириш, ободонлаштириш борасида ишлар яхши йўлга қўйилган. 4-умумий ўрта таълим мактабига 120,5 миллион сўм маблағ сарфланиб, ўқув хоналари жорий таъмирлаб берилди. 3-умумий ўрта таълим мактабида 5 та иситиш қозони ўрнатилиб, иситиш тизимида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек бошланғич бинонинг 3 та синфхонасида пол қисмини таъмирлаш ишлари, биринчи қават ички ва ташқи қисмини таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 14-умумий ўрта таълим мактабида туман прокурори ташаббуси билан жорий таъмирлаш ишлари бажарилди.
“Фурқат” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 2-умумий ўрта таълим мактабига бугун барча ҳавас билан қарамоқда. Бу ерни капитал таъмирлаш учун 6 миллиард сўм маблағ ажратилиб, “Тробилдинг” хусусий корхонаси томонидан қурилиш ишлари амалга оширилди. Ўқув биноси мукаммал таъмирланди ва қўшимча 140 ўринли ўқув биноси қуриб фойдаланишга топширилди.
Замонавий кўринишга келтирилган, ўқув кабинетлари, синф хоналари ўқувчиларнинг таълим олишлари учун сўнгги русумдаги парта-стуллар, доскалар билан таъминланганлиги кишини ҳавасини келтиради.
– Жорий ўқув йилидан мактабимиз хорижий тилларга ихтисослаштирилган таълим муассасасига айлантирилди, – дейди мактаб директори Иномжон Каримов. – Инглиз тилига ихтисослаштирилган синфга 30 та квота ажратилди. Онлайн тарзда 178 та ариза қабул қилдик. Бир ўринга 6 нафардан талабгор рўйхатдан ўтди. Давлат тест маркази томонидан ўтказилган тестда энг юқори балл тўплай олган 30 нафар ўқувчилар энди инглиз тилини чуқурлаштирилган ҳолда ўрганадиган бўлди. Янги ўқув йилида эса мактабимиз 140 дан ортиқ жажжи болажонларни ўз бағрига қабул қилади.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами тумандаги таълим масканларида шоду хуррамлик билан кутиб олинмоқда. Жорий ўқув йилида 1-синфга 3 минг 200 нафар ўқувчи қабул қилинди ва уларга Президент совғалари етказилади.
[gallery-3601]
М. Сулаймонов,
М. Қодиров олган (сурат), ЎзА