Бугун, 4 март – Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети ташкил топган кун. Ушбу сана муносабати билан Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театрида ўқув муассасасининг 20 йиллиги кенг нишонланди.
Талабаларнинг халқаро мадҳияси билан бошланган тадбирда беш юздан ортиқ вакил, жумладан, Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тим Торлот, Олий таълим вазирлиги ҳамда университет раҳбарияти иштирок этди.
Тантанали маросим театр хонанда ва созандалари томонидан тайёрланган, мумтоз мусиқа, турли рақс ва ижродан иборат махсус дастур билан бойитилганини қайд этиш жоиз.
Тадбирни ТХВУ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Низомжон Қодиров очиб бераркан, олийгоҳ ташкил этилганига 20 йил тўлиши муносабати билан ўтказилаётган анжуман университет тарихида муҳим воқеа сифатида муҳрланишини таъкидларкан, университет фаолияти, жумладан, 2002 йилдан буён эришилган ютуқлар, талабалар қамрови ва натижаларнинг статистик жиҳатига ҳам алоҳида тўхталди.
[gallery-6049]
– Ҳамкоримиз жаҳон олий таълим тизимида шуҳрат қозонган Лондондаги Вестминстер университети, – деди Н.Қодиров. – Бизда Буюк Британиянинг мазкур нуфузли таълим даргоҳи дастурлари жорий этилган. Асосий мақсадимиз – Ўзбекистон тараққиётга ҳисса қўшадиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш.
Дарҳақиқат, пойтахтимиздаги Халқаро Вестминстер университетининг барча дастурлари, йўналишлари Буюк Британиядаги муассаса томонидан тасдиқланган. Битирувчиларга диплом Лондон шаҳридаги Вестминстер университети томонидан берилади.
Олийгоҳга 2002 йил январь ойида илк бор 120 нафар талаба қабул қилинган эди. 2021-2022 ўқув йили учун эса 5 мингдан зиёд абитуриент мазкур даргоҳ талабалигига тавсия этилди.
2003 йил университет Ўзбекистонда биринчи бўлиб “Талабалар иттифоқи”ни тузди. Шунингдек, мамлакатимизда олий таълимга талаб ортиб бораётгани туфайли 2006 йилда Буюк Британиянинг Вестминстер университети томонидан биринчи магистратура курси тасдиқланди. Бугунги кунга келиб ТХВУда 5 та бакалавриат, 8 та аспирантура курси мавжуд. Бу ерда талабаларни қўллаб-қувватлаш хизмати бўлими, Амалий тадқиқот маркази, Профессионал ва узлуксиз таълим маркази ҳамда “innoWIUT” тадбиркорлик лабораторияси ҳам фаолият юритади.
Университет қошида ташкил қилинган Академик лицей ўтган давр мобайнида республикамиздаги нуфузли билим масканларидан бирига айланди. Таҳлилий маълумотларга қараганда, лицей олий ўқув юртига кириш бўйича 99 фоиз кўрсаткичга эга.
Беҳруз Худойбердиев, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА