Тошкентда Япониянинг IT мактаблари очилади
Бугун Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев япониялик бир гуруҳ тадбиркорлар билан учрашди.
Ўзаро мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳалар амалга ошириш масалалари муҳокама этилди. Ҳоким Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил декабр ойида Японияга расмий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиққанини таъкидлади. Ўзаро алоқаларни тараққий эттиришда ишга солинмаган кенг имконият мавжудлигини, хусусан, иқтисодиёт, саноат, таълим, маданият, туризм ва спорт соҳасида биргаликда кўплаб лойиҳалар амалга ошириш мумкинлигини қайд этди.

Япониянинг “D’S Grace FE LLC” компанияси директори Дайсуке Накамура Тошкентда кунчиқар мамлакат IT академияси иш бошлаганини, муассасада эҳтиёжманд оилалар фарзандлари бепул таълим олишлари мумкинлигини билдирди. Шунингдек, яна бир қатор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини ҳам қўшимча қилди.
Япониянинг “Beeanz” корпорацияси ҳам ҳудди шу йўналишда фаолият олиб боради. Ҳозиргача мазкур тузилма томонидан Навоий вилояти Зарафшон шаҳри ва Тошкент вилояти Янгийўл туманида IT мактаб ишга туширилди. Корпорациянинг галдаги режаси пойтахтда ҳам шундай мактаблар очиш. Тошкент шаҳри ҳокими бу таклифни қўллаб-қувватлаб, ёш авлод замонавий технологиялар асосида таълим олиши учун зарур шароит яратиш бўйича шерикликка тайёрлигини айтди.

“Noritsuisu” компанияси мутасаддилари эса тадбиркорлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, Япония Ёш тадбиркорлар палатаси билан ҳамкорликда форум ташкил қилиш муҳимлигини таъкидлади. Офис стуллари ишлаб чиқариш фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлган ушбу компания Тошкентда айни йўналишда қўшма корхона очиш, шунингдек, хавфсизликни таъминлашга хизмат қилувчи ID карталар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш таклифини билдирди.
Учрашувда косметика ва медиа йўналишларига ихтисослашган тадбиркорлар ҳам иштирок этиб, бирга ишлаш хоҳишини билдирдилар.
Ж.Ортиқхўжаев япониялик тадбиркорларнинг барча таклифлари атрофлича ўрганилиши, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан тегишли иш олиб борилишини маълум қилди.
Тошкент шаҳри ҳокимлиги
матбуот хизмати