Хабар берганимиздек, 20 ноябрь куни пойтахтимиздаги “Пахтакор” марказий стадионида «Янги нафас» спорт ва ижтимоий ҳаракати доирасида “Save Aral” хайрия акциясининг жорий йилги якуний финал босқичи бўлиб ўтди.
Унда Тошкент шаҳри ва мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган жами 2 минг нафарга яқин югуриш ва юриш ихлосмандлари иштирок этди.
“Save Aral” хайрия марафонининг якуний босқичида туризм ва спорт вазири ўринбосари Аваз Каримов ҳам иштирок этди ва тадбир иштирокчиларини табриклаб, уларга омад тилади.
Акция доирасида турли корхона ва ташкилотларнинг жамоалари экиден – спорт эстафетаси йўналишида ўзаро куч синашишди. 50 дан ошиқ жамоа иштирок этган экиден мусобақасида ғолибликни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги спорт маркази ходимлари қўлга киритди. Улар белгиланган масофани 24 дақиқа 59,9 сония ичида босиб ўтишди. Ушбу йўналишда кейинги ўринларни мос равишда Қашқадарё вилояти ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети жамоалари эгаллашди.
3 километр масофага ўтказилган оммавий югуриш пойгасида аёллар орасида энг яхши натижани Анастасия Силченкова қайд этган бўлса, эркаклар ўртасида ушбу масофани сурхондарёлик Шоҳрух Давлатов барчадан олдин босиб ўтди.
Шунингдек, хайрия марафонида турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Жумладан, 70 ёшли Марс Мамашарипов “Энг ёши катта эркак спортчи” номига муносиб кўрилган бўлса, Марина Рахимова “Энг ёши улуғ аёл спортчи”, деб топилди.
Алишер Носиров “Энг ёши кичик ўғил иштирокчи”, деб топилган бўлса, Малика Носирова “Энг кичик ёшдаги қиз спортчи” сифатида тақдирланди.
Марафон якунида барча йўналишлар бўйича ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ҳамда ҳаваскорлар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Бир сўз билан айтганда, ушбу марафон кўзлаган мақсадига эришди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, “Save Aral” хайрия марафонини ташкил этишдан кўзланган мақсад, аҳолининг турли қатламлари орасида юриш ва югуриш, умуман соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишдан иборат. Марафон бутун республикамизни қамраб олганлигини инобатга олсак, ташкилотчилар маълум маънода ўз мақсадларига эришганлиги аён бўлади, дейилади Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
ЎзА