12 ноябрь куни пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида самбо бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига старт берилди. 46-маротаба ташкил этилаётган мазкур чемпионатда дунёнинг 50 дан ортиқ давлатидан 400 нафарга яқин самбочи медаллар учун баҳс олиб боради.
Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Уч кун давом этадиган мусобақада эркаклар, аёллар ҳамда жанговар самбо йўналишларининг ҳар бирида 7 тадан вазн тоифасида жами 21 та медаллар жамланмаси ўйналади.
“Юнусобод” спорт мажмуасида жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Халқаро самбо федерацияси президенти Василий Шестаков, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Россия Федерацияси Миллий олимпия қўмитаси президенти Станислав Поздяков иштирок этди.
Даставвал В.Шестаков сўзга чиқиб, юқори савиядаги ташкилотчилик ва меҳмондўстлик учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди.
Шундан сўнг сўз туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовга берилди.
–Бугунги кунда Ўзбекистон самбочилари нафақат Осиё, балки жаҳонда ҳам етакчи ўринларда эътироф этилмоқда. Жумладан, шу йил октябрь ойида Греция давлатида бўлиб ўтган ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида спортчиларимиз 6 та олтин, 3 та кумуш ва 8 та бронза медалларни қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади.
Ўз навбатида юртимизда самбо спортига берилаётган эътиборни юксак даражада баҳолаб, катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати мезбонлигини Ўзбекистонга ишониб топширганлиги учун Халқаро самбо федерациясига миннатдорлик билдирамиз, – деди А.Абдуҳакимов.
Республикамиз мадҳияси садолари остида жаҳон чемпионати очиб берилди. Мадҳиядан сўнг тадбирнинг бадиий қисми бўлиб ўтди. Таниқли санъаткорлар чиқишлари мухлисларга хушкайфият улашди. Сўнгра финал беллашувлари бошланди.
12 ноябрь куни иштирокчилар ҳар уччала йўналишда 7 та вазн тоифасида беллашди. Ҳамюртларимиз орасидан фақат аёллар ўртасида -50 килограмм вазн тоифасида ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Сабина Давлатова финалга етиб борди.
У ҳал қилувчи баҳсда беларуслик спортчига сўнгги дақиқада ютқазиб қўйди ва кумуш медалга сазовор бўлди.
Бугунги беллашувларда -59 килограмм вазн тоифасида Ибодатхон Агожонова ҳамда жанговар самбо бўйича +98 килограмм вазнда Ҳакимжон Исмоиловлар бронза медали билан тақдирланишди.
ЎзА