Тошкентда пора билан ушланган бош мутахассис қочмоқчи бўлди
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда коррупцион ҳолат фош этилди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бош мутахассиси Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи МЧЖ раҳбарининг ишончига кириб, ундан 1500 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Қўлга олиш жараёнида у қочишга уринган, бироқ тезкор ходимлар томонидан ушлаб қолинган.
Аниқланишича, бош мутахассис Юнусобод туманидаги 6 та уйга хизмат кўрсатишни бир МЧЖдан иккинчи МЧЖга ўтказиш ҳақидаги уй-жой мулкдорлари имзолаган далолатномаларни биллинг тизимининг “Менинг уйим” платформасидан рўйхатдан ўтказиб бериш эвазига 2200 АҚШ доллари талаб қилган ва бу ишларни ўзининг мансабдор танишлари орқали ҳал қилиб беришни режалаштирган.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатма: бундай қинғир ишлар ортида доимо битта якун бор — жиноий жавобгарлик ва қамоқ.
Ҳар қандай ноқонуний йўл билан пул топишга уриниш охирида эркинликдан маҳрум қилиш билан тугайди. Қонунни четлаб ўтиш эмас, унга риоя қилиш — энг тўғри йўл.
Ҳурматли фуқаролар, кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.