Қозоғистондаги “Она уйи” (“АНА ҮЙІ”) хайрия лойиҳасининг ташкил топганига 10 йилдан ошди. Бугунга қадар мазкур лойиҳа туфайли мамлакатда етти минг нафардан ортиқ боланинг тирик етим бўлиб қолишининг олди олинган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан Қозоғистоннинг “АНА ҮЙІ” жамоат фонди ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумга кўра, Тошкентда ҳам “Она уйи” ижтимоий маркази очилади.
Биринчи “Она уйи” ижтимоий маркази 8-10 нафар ёш болали аёлни қабул қилиши мумкин. Иккинчи босқичда “Она уйи” натижалари асосида ҳамда Ўзбекистоннинг маълум бир минтақаси эҳтиёжларига қараб лойиҳани мамлакат бўйлаб кенгайтириш белгиланган.
“Она уйи” маркази қийин ижтимоий вазият ва турли салбий ҳолатларда оналарга болаларини ўзлари тарбиялаш имконини бериш орқали ёрдам беради. Марказда уларга маънавий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатилади ҳамда ушбу ёрдам барча зарур нарсалар, хусусан, уй-жой, озиқ-овқат, кийим-кечак, шунингдек, аёл ва бола учун тиббий ёрдамни ўз ичига олади.
Шу билан бирга, “Она уйи” лойиҳаси доирасида марказда яшовчи оналарни касбий тайёрлаш дастури амалга оширилади. Келгусида “Она уй”ларида тикувчилик устахоналарини очиш, оналарга турли мутахассисликлар бўйича таълим бериш режалаштирилган.
Натижада, “Она уйи” марказида бўлган вақт давомида аёллар ижтимоийлашиши, профессионал касбга эга бўлиши ҳамда ўзлари ва фарзандларини таъминлаш мақсадида келажак учун маблағ топиши мумкин.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА