Тошкентда кўчмас мулкни оммавий баҳолаш натижалари маълум қилинди
Тошкентда қарийб 600 мингта квартира оммавий баҳолаш асосида 426,7 триллион сўмга баҳоланди. Ҳовли-жойлар бўйича бу кўрсаткич 587 триллион сўмни ташкил этди. Аммо бу рақамлар ҳали якуний эмас.
Кадастр агентлигининг Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази мутасаддилари иштирокида “Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизимининг мазмун-моҳияти, унинг жорий этилишидан кўзланган мақсадлар, Тошкент шаҳрида ўтказилган баҳолаш натижалари ҳамда мулкдорларнинг мазкур жараёндаги иштироки” мавзусидаги матбуот анжуманида соҳага тегишли янгиликлар, маълумотлар тақдим этилди.
Бугунги кунда бир хил майдонга эга бўлган икки хонадоннинг нархи нима учун кескин фарқ қилади? Масалан, бири шаҳар марказида, метро ва ижтимоий инфратузилмага яқин, иккинчиси эса шаҳар чеккасида жойлашган бўлиши мумкин. Амалдаги кадастр қийматида бу фарқ тўлиқ акс этмаслиги эҳтимол. Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизими айнан шу каби тафовутларни аниқлаш ва мулкнинг бозор қийматига яқин қийматини замонавий усуллар асосида белгилашга қаратилган.
Хўш, оммавий баҳолаш нима учун керак ва бу жараён мулк эгалари учун нимани англатади?
Аввало, бир жиҳатни аниқлаштириш муҳим: оммавий баҳолаш ҳар бир уй ёки бинони алоҳида баҳоловчи келиб кўриб, “бу уй шунча пул туради”, деб нарх белгилаши дегани эмас. Бу — минглаб ва юз минглаб кўчмас мулк объектлари бўйича катта ҳажмдаги бозор маълумотларини таҳлил қилиш, ягона методология ва математик-статистик усуллар асосида объектнинг бозор қийматига яқин қийматини ҳисоблаш тизими.
Аслида нега бундай тизимга эҳтиёж туғилди?
Муаммо шундаки, кўчмас мулкнинг амалдаги кадастр қиймати билан унинг бозордаги реал қиймати ўртасида сезиларли фарқ мавжуд. Чунки уй-жойнинг бозордаги нархига фақат унинг майдони эмас, балки жойлашуви, транспорт ва ижтимоий инфратузилмага яқинлиги, ҳудуднинг ривожланганлик даражаси, қурилган йили, қавати, девор материали, ер майдони ва бошқа кўплаб омиллар таъсир қилади. Оммавий баҳолашда эса ана шу омиллар комплекс равишда ҳисобга олинади.
Бир хил майдон, аммо қарийб уч баравар фарқ. Тошкентда ўтказилган тажриба буни яққол кўрсатди. Масалан, “Mirabad Avenue” турар жой мажмуасида 2023 йилда қурилган, майдони 45 квадрат метр бўлган квартиранинг амалдаги кадастр қиймати 88,9 миллион сўмни ташкил этади. Янгиҳаёт туманида, Сергели метро бекати атрофида жойлашган, 2022 йилда қурилган ва майдони худди шу — 45 квадрат метр бўлган квартира кадастр қиймати эса 81,6 миллион сўм.
Кадастр қийматидаги фарқ бор-йўғи 8 фоиз. Аммо бозор қийматига келганда манзара бутунлай ўзгаради. Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, “Mirabad Avenue”даги квартира бозорда тахминан 1,5 миллиард сўм, Янгиҳаётдаги квартира эса 508 миллион сўм атрофида баҳоланади. Яъни кадастр қийматида деярли фарқ қилмайдиган икки объектнинг бозор қиймати ўртасида қарийб уч баравар тафовут бор. Бу эса кўчмас мулк қийматини белгилашда унинг майдонидан ташқари, жойлашуви ва атрофидаги инфратузилма ҳам ниҳоятда муҳим эканини кўрсатади.
Оммавий баҳолаш жараёнида қарийб 100 мингта бозор маълумоти, таклифлар ва риелторлик битимлари, шунингдек, 85 мингдан ортиқ нотариал олди-сотди битими ўрганилди. Натижалар эса анча катта тафовутни кўрсатди. Тошкент шаҳрида қарийб 600 мингта квартиранинг оммавий баҳолаш асосида аниқланган умумий қиймати 426,7 триллион сўмни ташкил этди. Уларнинг амалдаги кадастр қиймати эса 57,7 триллион сўм бўлган. Демак, икки кўрсаткич ўртасидаги тафовут қарийб 7,4 баравар. Ҳовли-жойлар бўйича ҳам рақамлар салмоқли. Оммавий баҳолашда уларнинг умумий қиймати 587 триллион сўм, амалдаги кадастр қиймати эса 39 триллион сўм деб аниқланган. Бу ердаги фарқ қарийб 15 бараварни ташкил этган. Бироқ бу рақамларни “энди уйларнинг қиймати шу” деб қабул қилишга ҳали эрта.
2026 йил 5 сентябрдан бошлаб Тошкент шаҳридаги баҳолаш натижалари 60 кун давомида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Бу жараёнда мулкдорнинг ўзи ҳам фаол иштирок этиши мумкин. Хусусан, мулкдорлар davreestr.uz электрон платформаси орқали ўз объекти бўйича баҳолаш натижаси билан танишиши, қиймат қандай шаклланганини кўриши ва зарур ҳолларда асослантирилган таклиф ёки эътирозларини билдириши мумкин. Шунингдек, мулкдорга ўз объектининг бозор қийматига яқин қийматини акс эттирувчи QR-кодли электрон маълумотнома олиш имконияти яратилади. Келиб тушган мурожаат ва асослантирилган таклифлар белгиланган тартибда ўрганилади. Зарур ҳолларда баҳолаш натижаларига ўзгартиришлар киритилади. Шунинг учун бугун эълон қилинаётган рақамлар — якуний қарор эмас, балки жамоатчилик муҳокамасидаги натижалар холос.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА