Тошкентда эпидемиологик вазият қандай?
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги айрим мактабгача таълим ташкилотларида гўёки "карантин" жорий этилиши мумкинлиги ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда.
Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:
– Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида карантин эълон қилинишига сабаб бўладиган хавфли юқумли касалликлар бўйича эпидемиологик вазият барқарор.
Ижтимоий тармоқларда айтилаётган турли касалликлар (қизамиқ, менингит, гепатит, сил ва бошқалар) бўйича карантин эълон қилиниши заруратини келтириб чиқарадиган ҳолатлар мавжуд эмас.
Шуни таъкидлаш лозимки, ҳар йили қишки мавсумда грипп ва ЎРВИ билан касалланиш ҳолатлари аҳолида мавсумий равишда кўпаяди.
Шу сабабли таълим ташкилотларида болалар саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида эрталабки фильтр (саралаш) ишлари, тана ҳароратини ўлчаш, касаллик белгилари бор болаларни вақтинча ажратиш, ота-оналарга тавсиялар бериш каби профилактик чоралар олиб борилади.
Айни шу фильтр жараёнлари айрим фуқаролар томонидан "карантин" сифатида нотўғри талқин қилинган.
Фуқаролардан ижтимоий тармоқларда тарқалган тасдиқланмаган хабарларга ишонмасликни, фақат расмий манбалар орқали бериладиган маълумотларга таянишни сўраймиз, – дейилади расмий баёнотда.
М.Қосимова, ЎзА