Тошкентда экологик интеллектуал мусобақа ўтказилди
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар партия ташкилоти ҳамда “Заковат” клуби ҳамкорлигида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида "Эко-интеллект" мусобақаси бўлиб ўтди.
Бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ёш авлод қалбида она табиатга нисбатан дахлдорлик ҳиссини шакллантириш долзарб вазифалардан ҳисобланади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли экологик ислоҳотлар жараёнида айнан билимли, ташаббускор ва замонавий фикрлайдиган ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш муҳим ўрин тутади.

Ушбу эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш, олий таълим муассасалари талабаларининг экологик маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини янада юксалтириш ҳамда уларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида ташкил этилган мазкур мусобақа ёшлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ва экологик муаммоларга инновацион ечимларни топиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Ўйинда Тошкент шаҳридаги 40 га яқин олий таълим муассасалари талабаларидан ташкил топган жамоалар иштирок этиб, ўзларининг билим, мантиқий фикрлаш, тезкор қарор қабул қилиш ва жамоавий ҳамкорлик борасидаги салоҳиятларини намоён этди.

Мусобақа давомида иштирокчиларга экология, атроф-муҳит муҳофазаси, иқлим ўзгариши, яшил иқтисодиёт, биохилма-хиллик, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни бошқариш ҳамда экологик хавфсизликка оид турли интеллектуал саволлар тақдим этилди.

Қизғин ва муросасиз баҳслар якунида қуйидаги жамоалар совринли ўринларни қўлга киритди: 1-ўрин Тошкент давлат тиббиёт университети жамоасига, 2-ўрин Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети жамоасига ҳамда 3-ўрин Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети жамоасига насиб этди.
Ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА