Тошкентда булбул хониши эшитилди...
Бугун ҳам ишга кечикмаслик керак, деган ҳадик билан жуда эрта уйғониб кетдим. Ташқари ҳали ёришмаган, табиат осойишта тин олар эди...
Бугун ҳам ишга кечикмаслик керак, деган ҳадик билан жуда эрта уйғониб кетдим. Ташқари ҳали ёришмаган, табиат осойишта тин олар эди...
Бир муддат деразадан атрофни томоша қилдим. Тонг ғира-шира отиб, болалагимни ёдга солди. Эрта тонгдан опам билан ширин уйқумиздан кечиб, далага борганимизни, чаққон-чаққон ишлаб, йўл-йўлакай юз-қўлимизни ариқда чайиб, қатор-қатор ўсган тут дарахти меваларидан еб, уйда енгил-елпи нонуштадан кейин мактабга шошган пайтларимизни эсладим.
...Тошкентда сокин тонг отмоқда. Қушлар сайрай бошлади. Улар орасида мен ўша таниш сас — булбул хонишини эшитиб қолдим. Дадам раҳматли “азонлаб булбул сайраса, юртга озодалик, тозалик киради” дерди. Илоҳим, Тошкент ҳам тозалансин — вирус йўқолсин. Нафақат, Тошкентдан бутун дунёдан унинг номи арисин...
Одатдагидек нонушта. Яна бир нималарни қоралайман. Ишни қўмсаяпман. Машиналар билан тўла кўчаларни, одамлар билан гавжум метрони соғинаман. Ҳар куни дуч келадиган турфа инсонлар кўз ўнгимга келади. Инсонлар билан тўла тамаддихоналар шовурини, кўчада бола етаклаган оналарни, оилавий сайрга чиққан кишиларни эслайман.
Шу соғинч билан яна деразадан ташқарига қарайман. Амаки ҳар доимгидек кўчада. Секин уйда йиғилиб қолган ахлатларни ташлаб келиш баҳонасида ташқарига чиқаман. Қайтишда айланиб эмас, атай амакининг олдидан ўтаман. Юрагимни ҳовучлаб салом бераман ва “Нега кўчадасиз, нега уйда қолмаяпсиз” дейман...
— Уйим йўқ, ертўлада яшайман. Ертўлага қуёш нури тушмайди. Кундузлари қуёш нуридан баҳраманд бўлгани кўчага чиқаман. Уйим бўлганда жон-жон деб уйда қолардим, дейди амаки ўкинч билан.
Мен эса устига бир челак сув сепиб юборилган одамдек уйга кираман. Бўғзимга эса нимадир тиқилади. Аммо йиғлолмайман. Фақат амакининг “уйим бўлганда жон-жон, деб уйда қолардим” деган гапи қулоғим остида жаранглайверди...
Худди ҳаммаси тушга ўхшайди. Уйғонасану барчаси унут бўлади. Ҳаммаси ўз ҳолига қайтаётгандек туюлади.
Одамлар кун санашни бошлаган. Янги ўқув йилини янги либослар олган болалар қанчалик соғинса, биз ҳам карантин тугашини, омон-омон даврлар бошланиб, ишга чиқишни шунча соғиндик.
Бугун эса менда яхши кунлар яқинлигига ишончим яна ортди. Тошкентда булбул овозини эшитдим...