19-21 май кунлари пойтахтимиздаги “C Space” коворкинг марказида хотин- қизлар учун мўлжалланган “Techstars Startup Weekend Women Edition” хакатони бўлиб ўтади.
Иштирокчилар уч кун давомида бизнес-режа ва маҳсулот прототипини тайёрлашлари керак бўлади. Тадбирда улар соҳа профессионаллари, шунингдек, молия, маркетинг ва маҳсулотларни бошқариш соҳасидаги мутахассислар билан танишади.
Биринчи куни иштирокчилар тегишли кўрсатмалар олади ва ўз ғояларини қисқача тақдим этади. Энг кўп овоз тўплаган 10 нафар аёл бошқа иштирокчилар билан жамоа тузади ва ўз лойиҳалари устида ишлашни бошлайди.
Иккинчи куни жамоалар MVP (минимал ҳаётий маҳсулот) яратиш ва гипотезаларни текшириш бўйича маҳорат-дарсларига ташриф буюради, шунингдек, соҳадаги стартап етакчилари билан биргаликда ғояларни ривожлантириш устида ишлашни бошлайди.
Учинчи куни жамоалар ҳайъат аъзоларига ўз лойиҳаларини тақдим этади. Лойиҳалар учта - энг яхши гипотеза текшируви, энг яхши бизнес-модели ва энг яхши бозор салоҳияти каби мезонлар бўйича баҳоланади. Барча мезонлар бўйича энг юқори балл тўплаган учта стартап совринлар билан тақдирланади. Тадбир инглиз тилида олиб борилади.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА