Жорий йил 29 июнь куни Тошкентда Ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича халқаро МДҲ эксперт форуми бўлиб ўтади. Форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва МДҲ Ижроия қўмитаси кўмагида ўтказилади.
Гибрид форматда хорижий иштирокчиларни онлайн тарзда жалб қилган ҳолда ташкил этилаётган ахборот хавфсизлиги масалалари бўйича мулоқот Ҳамдўстлик мамлакатларининг 50 дан зиёд етакчи экспертларини жамлаши кутилмоқда. Унда нафақат халқаро ташкилотлар ва МДҲ мамлакатлари етакчи таҳлилий марказларининг вакиллари, балки тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳам иштирок этади. МДҲ Ижрочи котиби Сергей Лебедев, МДҲнинг алоқа соҳасидаги минтақавий ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси бош директори Нурудин Муҳитдинов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси Олимжон Умаров, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов тадбирда табрик нутқини сўзлайди.
Нуфузли иштирокчилар таркиби ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги сўнгги тенденцияларни муҳокама қилиш, ушбу соҳада ноқонуний ҳолатларга қарши курашишнинг мақбул усулларини ишлаб чиқишда пухта ўйланган ва мувофиқлаштирилган ёндашувни келишиб олиш имконини беради. Ушбу форумни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ҳамдўстлик давлат раҳбарларининг 2019 ва 2020 йиллардаги саммитларида илгари сурилган эди.
Энг аввало, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари, давлат бошқарувии жамият ҳаёти ҳамда хизматлар соҳасининг кенг кўламда рақамлашиши сабабли ушбу муаммога катта эътибор қаратилмоқда. Жамият, давлат ва бизнес рақамлашиши суръатларини бир неча баробар тезлаштирган коронавирус пандемиясининг глобал оқибатлари ҳам форумнинг долзарблигини ва ўз вақтида ўтказилаётганини тасдиқламоқда.
Жорий қилинган чеклов чоралари масофавий таълим, телетиббиёт, интернет савдо ва бошқа соҳалар ривожланишига сезиларли даражада таъсир кўрсатди. Рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши ва ҳаётнинг барча жабҳаларига кириб бориши билан бирга, ахборотдан ноқонуний фойдаланиш хавфи ўсиб бормоқда, бу эса энергетика, мудофаа, транспорт, телекоммуникациялар ва соғлиқни сақлаш соҳаларида иш бузилишига сабаб бўлиши мумкин.
Натижада, нафақат катта моддий зарар етиши, балки фуқаролар ҳаёти хавфсизлигига хавф туғилиши эҳтимоли ҳам ошиб бормоқда. Бундай шароитда ахборот хавфсизлигини таъминлаш давлат ва жамият иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланишининг асосий омилларидан бирига айланмоқда. Бу тенденциялар бошқа долзарб масалалар билан бирга ўрта муддатли истиқбол учун МДҲ мамлакатларининг комплекс ҳамкорлигининг векторини белгилаб берадиган концептуап ҳужжатларда акс этган.
Ҳамдўстлик доирасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва МДҲга аъзо давлатларнинг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлигининг самарадорлигини ошириш, турли амалий мақсадлардаги ҳимояланган ахборот тизимларини яратишга қаратилган бир қатор ҳужжатлар қабул қилинган. Хусусан, 2020 йилда - МДҲда Ўзбекистон раислик қилган даврда давлат раҳбарлари томонидан МДҲни янада ривожлантириш концепцияси ва МДҲни 2030 йилгача иқтисодий ривожлантириш стратегияси имзоланди.
Рақамли иқтисодиётни ва рақамли кўникмаларни ривожлантиришда ҳамкорликни чуқурлаштириш ушбу ҳужжатларда энг талаб юқори бўлган ҳамкорлик соҳалари сифатида белгиланган. Шу сабабли, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва АКТдан фойдаланган ҳолда жиноятчиликка қарши курашишга катта аҳамият берилган. Шу маънода Ўзбекистон томонидан ташкил этилаётган биринчи Эксперт форуми рақамлаштириш соҳасидаги сўнгги тенденциялар ва ютуқлар бўйича фикр алмашиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади. Тадбир ахборот маконида долзарб хатарларга қарши курашишдаги илғор миллий тажриба билан ўртоқлашиш имконини беради.
Шундан келиб чиқиб, форумнинг асосий мақсад ва вазифалари МДҲни янада ривожлантириш концепциясининг асосий йўналишларига мувофиқ белгиланган.Тадбир кун тартиби рақамли иқтисодиёт ривожланиши шароитида ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда жиноятларга қарши курашиш, ахборот инфратузилмаси объектларини техник ҳимоя қилиш ва кибержиноятларни тергов қилиш, ахборот маконида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш каби муҳим масалаларни муҳокама қилишни ўз ичига олган.
Мунозаралар якунлари бўйича Ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича халқаро МДҲ эксперт форумининг якуний ҳужжати қабул қилиниши кўзда тутилган. Мазкур ҳужжат Ҳамдўстлик доирасида ахборот хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асослари ва институционал механизмларини такомиллаштириш бўйича тавсияларни ўз ичига олади.