Тошкентда “Асал байрами” бўлиб ўтмоқда
Пойтахтимиздаги “Анҳор-Локомотив” боғи ҳудудида “Асал байрами” ва асаларичилик маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтмоқда. 10 декабргача бўладиган ушбу тадбир “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Ярмарка доирасида барча вилоятлардан 350 дан ортиқ асаларичилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи субъектлар ва соҳанинг 1500 га яқин илғор вакиллари иштирок этмоқда. Мазкур тадбирларга қатнашиш учун Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон Тожикистон, Туркманистон ва Туркия давлатларидан нуфузли меҳмонлар, мазкур давлатлардаги илмий-тадқиқот институтлари профессор ва олимлари ҳамда кўп йиллик тажрибага эга бўлган мутахассислар ташриф буюрган.
“Асал байрами” ва асаларичилик маҳсулотларининг кўргазма-ярмаркаси доирасида республика ҳудудларида етиштирилган асал ва асалари маҳсулотлари савдо-ярмаркаси ташкил қилинади ва аҳолига сифатли асал маҳсулотлари етказиб берилади.
Асаларичилик соҳаси ривожланган давлатлардан малакали мутахассислар ва олимларни таклиф этган ҳолда асаларичилик бўйича илғор тажрибалар тарғиб қилинади.
Асаларичилар ўртасида тажриба алмашиш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича тасдиқланган дастур асосида ўқув-амалий семинарлар ўтказилади. Республика ва хорижий давлатларда асаларичилик соҳасида қўлланилаётган илғор технологиялар, ускуналар ҳамда ветеринария дори воситалари кўргазмаси ташкил этилади.
“Асал байрами” тадбирларида иштирок этаётган асаларичилик субъектлари ўртасида 13 та номинация бўйича танлов ўтказилади ҳамда танлов ғолиблари диплом ва эсдалик совғалари, шунингдек махсус сертификатлар билан тақдирланади.
Республиканинг турли минтақалари ва қўшни давлатлардан келган иштирокчилар учун боғ ҳудудидан махсус павильонлар ажратилган. У ерда иштирокчилар нафақат маҳсулотни намойиш этиш, балки ўз маҳсулотларини кенг жамоатчилик ва пойтахт меҳмонларига сотиш имкониятига эга бўлади.
Иштирокчилар ва уларнинг вакиллари 2-9-декабрь кунлари бўлиб ўтадиган асаларичиликнинг долзарб масалалари бўйича илмий-амалий семинарларда иштирок этишлари мумкин. Семинарлар очиқ мулоқот тарзида ташкил этилади, маърузалар ва маҳорат дарслари шаклида олиб борилади.
[gallery-20651]
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги ривожланган давлатларда асаларичилик субъектлари оладиган даромаднинг 70 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалик экинлари ва мевали боғларни асаларилар билан чанглатиш хизматини кўрсатиш ҳисобига тўғри келмоқда.
Асаларичилик соҳасида амалга оширилган самарали тадбирлар натижасида 2024 йилда асаларичилик билан шуғулланаётган субъектлар сони 32 мингтага етказилиб, 2023 йилга нисбатан 114 фоизга кўпайган. Республикамизда парвариш қилинаётган асалари оилалари сони эса 1 миллион 400 мингтага етказилди. 2024 йилда асал етиштириш 35 минг тоннани ташкил этди.
Шаҳноза Маматуропова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат)
ЎзА