Чилонзор тумани ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, туман тиббиёт бирлашмаси, халқ таълими бўлими ҳамда ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан “Тошкент ёшларни севади" шиори остида ҳудудда "Беш минг қадам" юриш марафони ўтказилди.
Йигит-қизларда юртимизда кечаётган ислоҳотларга даҳлдорлик ҳиссини кучайтириш, ташаббускор ва истеъдодли ёшларни аниқлаш, уларнинг ўз иқтидорларини намоён этишига имкон яратиш, ёш авлоднинг илм-фан, ижод, маданият ва санъат, спортга бўлган қизиқишини ошириш, талаба ва битирувчилар, уюшмаган ёшларнинг жамиятда муносиб ўрин топишларига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган тадбирда туман аҳолиси бирдек жонбозлик кўрсатди.
Улар пойтахтимизнинг Оқтепа майдонидан Соҳил бўйи кўчаси бўйлаб 5 минг қадам йўл босди.
– Пиёда юриш – бу жисмоний машқнинг энг осон ва қулай тури, – деди Чилонзор туманида истиқомат қилувчи Мадина Тўйчиева. – Шунингдек, инсон руҳий-эмоционал ҳолатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Шу сабаб “Тошкент ёшларни севади" шиори остидаги ушбу "Беш минг қадам" юриш марафонига таклиф қилишганида оилавий хурсанд бўлдик ва барчамиз қатнашдик.
Гулноза Бобоева, ЎзА