Тошкент ёшлари 5 ташаббусда бирлашди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ёшлар учун катта тадбир – Тошкент 5 ташаббус ҳаракати ташкил этилди. Бугун эрта тонгдан пойтахтимиздаги Ёшлар Ижод саройи ва Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ушбу йирик тадбирнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
21 майдан 25 майга қадар бўлиб ўтиши режалаштирилган тадбир доирасида маданий ва интеллектуал танловлар, спорт мусобақалари, медиатренинглар, одамлар билан учрашувлар ва бошқа тадбирлар бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Дастурнинг ёрқин воқеалари сифатида “Tashkent Dance Fest” ва “Tashkent Voice Fest” рақс ҳамда вокал танловларини айтиш мумкин. Унда фаол ва истеъдодли йигит-қизлар мусобақалашади. Бу танловлар бўйича олдиндан онлайн саралаш ўтказилган, вокал ижро танлови қатнашчилари эса қўшимча равишда жонли эшитувга ҳам таклиф қилиниб, 200 нафар номзоддан 30 иштирокчи қолди. Тадбир доирасида шунингдек, машҳур «Заковат» интеллектуал ўйини ҳам бўлиб ўтади.

Тошкент 5 ташаббус ҳаракати учун бунёд этилган шаҳарча ҳудудида махсус деворлар қурилган бўлиб, унда ёш рассомлар “Street Art” танлови ғолиблиги учун ижодкорлик маҳоратини намойиш этади. Тадбирнинг барча меҳмонлари ўзларига ёққан сурат учун овоз бериши мумкин.
Спорт ихлосмандлари учун футбол, “Street Ball”, стол тенниси, армрестлинг ва “Street Workout” бўйича мусобақалар ташкил этилади. Бундан ташқари, ёшлар ўртасида замонавий бешкураш қоидалари асосида Laser run мусобақаси бўлиб ўтади, қолаверса, тадбир ҳудудида скейтер ва роллерлар учун скейт-парк ҳам барпо этилади.
Ёш IT-мутахассислар ўз билим ва кўникмаларини «ProjectX» идеатони ва “Tashkent Cyber Cup-2021»да намоён этиши мумкин. Энг яхши стартап тадбир ҳомийлари томонидан молиялаштирилади.
Фаол, замонавий ва мақсад сари интиладиган қизлар учун Аёллар нетворкинги ҳафталиги ўтказилади. Унда жамоалар 4 йўналиш: илм-фан ва технологиялар (STEM), бизнес, ижтимоий соҳа ва “Art” бўйича лойиҳаларни тақдим этади. Бир вақтнинг ўзида ўқув тренинглари, спикерлар чиқишлари ва бошқалар ҳам бўлиб ўтади. Тақдимотлар якунларига кўра ғолиб жамоа аниқланади.

Тошкент 5 ташаббус ҳаракати меҳмонлари учун ҳам кўплаб тадбирлар режалаштирилган. Улар медиатренинглар, вазирлар, машҳур журналистлар, ёзувчилар, блогерлар, вайнерлар билан учрашувлар, қўлда ясалган буюмлар ярмаркаси ва модалар намойишига ташриф буюриши мумкин.
Файзулло Яҳёев, ЎзА