Тошкент халқаро шахмат академиясининг Самарқанд, Хоразм ва Фарғонада филиаллари очилади
Президент Шавкат Мирзиёев шахмат ва парашахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари ҳамда уларнинг яқинлари билан учрашув ўтказмоқда.
Ёш шахматчиларни тайёрлаш имкониятларини кенгайтириш учун Тошкент халқаро шахмат академиясининг Самарқанд, Хоразм ва Фарғонада учта минтақавий филиали ташкил этилади. Академияда олий тоифали мураббийларни тайёрлаш ҳам йўлга қўйилади.
FIDE рейтингида 1 минг 500 дан юқори балл тўплаган шахматчиларнинг хусусий клубларда ўқиш харажатларининг ярми давлат томонидан қопланади. Бу ёш истеъдодларнинг тайёргарлигини давом эттиришига қўшимча имконият яратади.
Мамлакатимизда «O‘zbekiston Grand chess» миллий бренди остида халқаро турнирлар мунтазам ўтказиб борилади. Бу шахматчиларимизга кучли рақиблар билан ўз юртимизда беллашиш имконини беради.
Президентимиз Янги Тошкентда 500 кишилик ўйин зали, ётоқхона ва спорт майдончаларига эга замонавий шахмат саройини барпо этишни таклиф қилди.
ЎзА