Пандемия шароитида қатор соҳалар қатори Кадастр агентлиги тизимида ҳам хизматлар онлайн шаклда амалга оширмоқда.
Жумладан, якка тартибда уй-жой учун ер майдонларини олишни тўлиқ шаффоф механизми аукцион тартибида реализация қилиш жорий этилди.
Энди, уйдан ёки офисдан чиқмаган холда яъни кадастр идораларига бормасдан ҳам бу хизматлардан фойдаланиш мумкин.
Шуни қайд этиш керакки, хизматлар сифати ошган бўлишига қарамай, ерларни ноқонуний ўзлаштириш давом этмоқда.
Жорий йилда Тошкент вилоятида 309 гектарни ўзлаштирган шахсларга ёзма кўрсатмалар берилган.
3 минг 211 та ҳолатда туман (шаҳар) ҳокимликларига тақдимномалар, 627 та ҳолатда эса прокуратура органларига маълумотнома киритилган. Шунингдек, туман (шаҳар) прокуратураси ҳокимлар чиқарган 562 та қарорга протест берди, 131 та ҳолатда маъмурий жарима қўлланилган.
– Тошкент вилояти ер майдони 1 524 897 гектарни ташкил қилади, –дейди Кадастр агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Абдусалим Ғаниев.– Улар орасида қишлоқ хўжалиги, ўрмон фонди, сув фонди учун фойдаланиладиган ерлар мавжуд. Агарда жорий йилнинг ўтган даврига эътибор қаратадиган бўлсак, 9 минг 470 ҳолатда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш аниқланган. Шундан 7 мингдан ортиқ қонунбузилиш бартараф этилди, қолган ҳолатлар бўйича ишлар давом этмоқда.
Мисол учун, ўрмон хўжалиги ерларида ўтган даврда ўтказилган мониторинг 17.0 гектар ернинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганини аниқлади. Шундан, 94 та турар уй-жой, 4 та нотурар жой қурилганини кўриш мумкин. Албатта, бу борадаги ишлар самарасида 40 та қонунбузилиши бартараф қилинди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 681-моддасига асосан жорий йилда 80 ортиқ жисмоний шахсга маъмурий жарима қўлланилди ва уларнинг асосий қисмидан маъмурий жарималар ундирилди.
Бу борадаги салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва ўз вақтида бартараф этиш учун Тошкент вилояти Ер ресурслари бошқармаси ҳамда «Тошвилерлойиҳа» бўлинмаси “Yer Axborot Tizimi” геоахборот порталини яратмоқда. Ҳозирча Қибрай, Тошкент, Оққўрғон, Қуйичирчиқ, Бекобод, Чиноз, Пискент, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ ва Бўка туманларининг ердан фойдаланувчилар ва контурлар маълумоти йиғилиб, туман, массив ва маҳалла чегаралари геоахборот порталига киритилди.
Ҳозирда Бўстонлиқ, Зангиота, Паркент, Янгийўл ва Оҳангарон туманларида ердан фойдаланувчилар чегаралари, туман, массив ва маҳалла чегаралари геоахборот порталига киритиш учун тайёрланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 84 -моддасига асосан ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибга олинади.
Унга кўра ерлардан фойдаланиш ҳамда муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, махсус ваколатга эга бўлган давлат органлари амалга оширади. Ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан жамоатчилик назоратини фуқароларнинг ўзини - ўзи бошқариш органлари ўз ваколатлари доирасида амалга оширади. Табиатни муҳофаза қилиш жамиятлари, илмий жамиятлар ва бошқа жамоат бирлашмалари, шунингдек, фуқаролар ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан назоратни амалга оширишда давлат органларига ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига кўмаклашадилар.
Афсуски, ерларни назорат қилишда фақат битта ташкилот кенг кўламли ишларни ташкил этиш ва амалга ошириш имконияти кам. Демак, ерларни назорат қилиш соҳасида мутасадди ташкилотларни ҳамда кенг жамоатчиликни ўрни алоҳида.
Қайд этиш керакки, тизимда захирадаги ер майдонларини фойдаланишга киритиш бўйича ҳам лойиҳалар амалга оширилмоқда.
–Жорий йилда 4 минг 201 гектар майдонни фойдаланишга киритилиши бўйича 17 лойиҳага кўра 18 миллиард 873 миллион сўм ажратилган, –дейди Давлат кадастрлар палатаси бошқармаси бошлиғи Жасур Аҳроров. – Хусусан, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига ер майдонларини фойдаланишга киритиш учун маҳаллий бюджетга ажратилган маблағлардан 6 миллиард маъқулланди. Шу боис 17 та лойиҳа таҳлил қилиниб, тез натижа берадиган 9 таси танлаб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майда қабул қилинган «Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан вилоятда 28та кооперация ташкил этилмоқда. Бунинг учун 4 минг 461 та фуқарога 2 260,5 гектар ер ажратиб берилди. Бу майдонларга картошка, сабзавот, полиз, дуккакли дон экинлари етиштирилмоқда. Шунингдек, боғ ва узумзорлар барпо этилмоқда.
Шу кунларда Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларидаги чегараларни мувофиқлаштириш ишлари давом этмоқда.
Туман (шаҳар)лар чегарасида жойлашган аҳоли, ташкилотлар, корхоналарга хизмат кўрсатиш ноқулай бўлган туман ва шаҳар марказидан олис бўлган аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган 19 та ҳудуддаги анклав ер участкалари аниқланди. Бу жараёнда уларни яқин бўлган туман ва шаҳарларга қўшиб бериш бўйича таклифлар киритилган.
Сайёра ШОЕВА, ЎзА