Тошкент вилоятидаги энг ёш китобхонлар
Нурафшон шаҳрида «Ёш китобхон» республика кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди. Унда туман-шаҳар босқичлари ғолиблари иштирок этди.
Ўқувчи ва талаба-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида китобхонликни оширишга Тошкент вилоятида ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Кўрик-танловнинг 2021 йилги мавсумида қатнашиш учун вилоятдан жами 31 минг 206 нафар ҳудуд ёшлари онлайн рўйхатдан ўтган эди. 2021 йилнинг 27-29 декабрь кунлари вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида танлов 3 та ёш тоифасида: 10-14, 15-19 ва 20-30 ёшдаги жами 73 нафар китобсевар ёшлар белгиланган шарт бўйича электрон тест шаклида саралаш босқичларидан ўтиб вилоят босқичида иштирок этди.

Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосаларига кўра «Ёш китобхон» кўрик-танловининг вилоят босқичида 10-14 ёш тоифасида Бўстонлиқ туманидан Шодиёр Эрмакбоев, 15-19 ёшлилар ўртасида Оққўрғон туманидан Дилшода Абдуҳошимова ва 20-30 ёш тоифасида Оққўрғон туманидан Фаррух Файзуллаев ғолиб бўлиб, танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Ғолиб ва совриндорлар махсус сертификат, сара асарлардан иборат китоблар жамланмаси билан тақдирланди.

А.Мусаев,ЎзА.