Тошкент вилоятидаги 77 та мактабда дарс бошланди
Тошкент вилояти ҳокимлиги аномал об-ҳаво шароитида умумтаълим мактабларида таълимни ташкил этиш юзасидан баёнот берди.
Вилоят ҳокимининг топшириғига асосан, Тошкент вилоятидаги барча ҳудудларда ҳоким, мактаб директори ва маҳалла раислари билан мактаблардаги иссиқлик таъминоти ҳолати ўрганилди, телефон орқали уларнинг фикрлари олинди. Ўрганиш ишлари кеча 23:00 да тугалланди. Қуйидаги якуний хулосага келинди: хусусан, жорий йил 11 январдан вилоят бўйича 77 та мактабда дарс бўлади.

Ушбу мактабларнинг ўқувчилари дарслар бошланиши ҳақида ота-оналар кенгаши орқали хабардор қилинган. Бошқа умумтаълим мактабларида ўқишлар, мавжуд шароитларни инобатга олган ҳолда, 12 январдан босқичма - босқич бошланади. Бугун соат 14:00 да эртадан бошлаб дарс бошланадиган бошқа мактаблар рўйхати эълон қилинади.

Шу вазиятни алоҳида эътиборга олиб, Оҳангарон шаҳар ҳокими Акром Эшонкулов шаҳардаги барча мактаблар иссиқхоналарини ўрганди. Биринчи галда таълим муассасаларининг иссиқлик тизими ўрганилди. Ўқитувчилар билан суҳбатда мавжуд муаммоларни бартараф қилиш, зарур шароит яратиш бўйича келишиб олинди.

Қибрай тумани ҳокими М.Миркасимов туман ИИБ ва ФВ бўлими бошлиқлари билан биргаликда умумтаълим мактабларида қишнинг совуқ кунларига ва ўқув жараёнларига кўрилган тайёргарлик ҳолатини кўздан кечирди. Мутасаддилар томонидан биринчи галда мактаблар ҳудудини қордан тозалаш, иссиқлик тизими ва иш фаолиятини олиб бораётган педагог-ходимлар учун яратилган шароитлар ва топшириқлар ижроси ўрганилди. Умуман олганда, бу каби ўрганишлар бошқа ҳудудларда ҳам давом этяпти.
А.Мусаев,
ЎзА.