Тошкент вилоятида раҳбарлик лавозими эвазига пул олган шахс ушланди
Давлат лавозими – шахсий манфаат орттириш ёки моддий бойликка эга бўлиш воситаси эмас. Афсуски, айрим шахслар таниш-билишчилик ва сохта ваъдалар орқали лавозимга тайинлаш жараёнига таъсир ўтказишга уринган.
Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбирда 1979 йилда туғилган А.А. юқори турувчи ташкилотларда ишловчи яқин танишлари орқали фуқарони вилоятдаги туманларнинг бирида тиббиёт бирлашмаси раҳбарлигига тайинланишига кўмаклашишни ваъда қилиб, бунинг эвазига ундан 9 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан қонунбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.
А.Мусаев, ЎзА