Тошкент вилоятида “Журналистлар боғи” барпо этилди
Нурафшон шаҳрида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Журналистлар боғи” ташкил этилиб, кўчат экиш акцияси бўлиб ўтди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Халқаро пресс-клуб, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Ўрмон хўжалиги агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган акцияда кўплаб ОАВ вакиллари, газеталар, веб-сайтлар таҳририятлари журналистлари ва блогерлар қатнашди.
Бугун улар фақатгина жараённи ёритиш учунгина эмас, балки янги боққа ўз ниҳолини қадаш учун фаоллик кўрсатди.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, Президентимиз томонидан илгари сурилган ушбу ташаббус ҳамда амалга оширилаётган ишларнинг барчаси яқин йиллар ичида ўз самарасини кўрсатиши, юртимизда янгидан-янги боғлар пайдо бўлишини таъкидлади. Бу жараёнда журналистларнинг ҳам боғ яратаётгани муҳим аҳамият касб этиши айтиб ўтилди.
[gallery-14521]
Шундан сўнг ўрмон хўжалиги мутахассислари ва агрономлари ҳудуд иқлимига мос манзарали дарахтлар кўчатларини экиш агротехнологияси ҳақида журналистларга атрофлича маълумот берди.
Самимий руҳда бошланган акцияда иштирокчилар томонидан кўкаламзорлаштириш учун мўлжалланган 6,8 гектар ер майдони текисланиб, шудгор қилинди. Иқлим шароитига мос бўлган жами 6 минг 400 туп дарахт кўчати экилди. Улар орасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги учун ҳам чой ажратилиб, махсус пешлавҳа ўрнатилди.
– Мазкур ташаббус мамлакатимиздаги экологик муҳитни яхшилаш борасидаги ишларни оммалаштиришга ёрдам беради, – дейди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Зарифа Эралиева. – Шу кунларда юртимизнинг ҳар бир гўшасида барпо қилинаётган яшил майдонлар аввало табиатимиз мусаффолигига хизмат қилади. “Журналистлар боғи” нинг ҳудудимизда ташкил этилгани эса бу саъй-ҳаракатларда ОАВ вакиллари фаоллигини кўрсатди. Бугун кўплаб ҳамкасбларимиз билан бирга дарахт кўчатларини экишда қатнашдик. Ишонаманки, бу боғ йиллар ўтиб кўркам қиёфага киради ва бу ерда турли оммавий тадбирлар ўтказамиз.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов қатнашиб, ОАВ вакиллари ва талабалар билан суҳбатлашди.
Кун давомида иш қизғин давом этди. Журналистлар учун дастурхон ёзилиб, ош тарқатилди.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/L1jrpSebIDA" title="Тошкент вилоятида “Журналистлар боғи” барпо этилди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>А.Мусаев, Д.Эрназаров(сурат,видео),
ЎзА мухбирлари