Фармон ва ижро
Президентимизнинг 2022 йил 14 апрелдаги “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги фармонига асосан, Тошкент вилоятида 13 та таълим ташкилотини Президент таълим муассасалари Агентлиги тизимида ихтисослаштириш белгиланди.
Айнан қайси ҳудудларда мазкур ҳужжатдаги замонавий таълим талаблари асосида янги мактаблар иш бошлайди? Фармонга кўра, Ангрен шаҳридаги айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати, Бекобод шаҳридаги 19-сонли умумтаълим мактаби, Бекобод туман касб-ҳунарга ўқитиш маркази, Бўка туманидаги 1-сонли касб-ҳунар мактаби, Оққўрғон туманидаги собиқ транспорт касб-ҳунар коллеж биноси, Қуйи Чирчиқ туманидаги 1-сонли касб-ҳунар мактаби, Чиноз туманидаги хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми, Зангиота туманидаги аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаб, Бўстонлиқ тумани 54-сонли умумтаълим мактаб, Паркент туманида 1-сонли касб-ҳунар мактаби ҳамда Ўрта Чирчиқ тумани 20-сонли умумтаълим мактаби танлаб олинди.

Шунингдек, белгиланган режа асосида Оҳангарон шаҳридаги “Янги Оҳангарон” даҳасида 576 ўринли, Янгийўл шаҳридаги “Ўзбекистон” МФЙда 504 ўринли янги таълим муассасалари қурилиб, Агентлик тизимида фаолият юритади.
Белгиланган фармон ижроси доирасида Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаевнинг ўзи туман-шаҳарларда президент мактаби сифатида ихтисослаштирилаётган таълим масканларидаги шарт-шароитлар билан танишди. Жумладан, вилоят раҳбари бошчилигидаги ишчи гуруҳ Ангрен шаҳридаги айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати ҳамда Оҳангарон шаҳридаги интернат мактабида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди. Ҳозир Ангрен шаҳридаги мазкур объектда қурувчи-пудратчи "Angren Flourishing" МЧЖ томонидан 1 та тўрт қаватли ва 2 та икки қаватли бинонинг ички қисмлари реконструкция қилиняпти. Бинога киришнинг асосий қисми ва йўлагида қайта қурилиш ишлари олиб бориляпти.
Оҳангарон шаҳридаги интернат мактабида ҳам қурилиш ишлари жадал давом этмоқда. Бироқ бир муаммо ҳам бор эдики, ишчи гуруҳ бундан кўз юмиб ўтиб кетолмади. Хусусан, бу объектлардаги лойиҳачи ва қурувчи ташкилотлар томонидан айрим ҳолларда ишга панжа орасидан қараб келинаётгани аниқланди. Қандай дейсизми? Қурилишга кетган вақт билан бажарилган иш бир-бирига мутаносиб эмас. Айнан шу каби кўплаб ҳолатлар қурилиш, таъмирлаш ишлари сифати бузилишига олиб келади.
Бундан ташқари, Оққўрғон туманидаги собиқ Транспорт ва сервис хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи биноси ўрнида ҳам Президент мактаби бунёд этиляпти. Айтиш жоизки, ушбу таълим муассасаси 2008 йилда қурилган бўлиб, қуввати 540 ўринни ташкил этади. Мазкур бинодан 2020 йилдан буён фойдаланилмаган. Ўтган 2 йил давомида бу ердаги бино-иншоотлар маънан эскиргандек. Сабаби бироз қаровсиз аҳволда қолди. Шундан сўнг бу ерда иқтидорли оққўрғонлик ёшларнинг таҳсил олишига кўмаклашиш мақсадида тегишли ҳужжатлар киритилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, белгиланган режа асосида бу мактаб замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади. Ўқув адабиётлари, методик қўлланмалар ва бошқа воситалар билан таъминланади. Бу ерда ўқийдиган ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларда етакчилик кўникмалари ва нотиқлик санъатини ривожлантириш, мантиқий фикрлашни кучайтириш борасида алоҳида ишланади.
Шунингдек, Қуйи Чирчиқ туманидаги 1-сонли касб-ҳунар мактаби биноси ўрнида ташкил этилаётган Президент мактабидаги бунёдкорлик ишлари жадаллашган. Эътиборлиси, бу ердаги қурилиш вақтида дарахтларнинг кесилишига йўл қўймаслик, атрофни яшил ҳудудга айлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Таҳлилларга кўра, ҳозир вилоятда 55 та, охирги 2 йилда эса Президентнинг тегишли қарорлари асосида 45 та, жумладан, 8 та математика, 1 та физика, 6 та кимё-биология, 9 та информатика ва АКТ, 21 та чет тилига ихтисослашган мактаблар ташкил этилган.
Якунланган ўқув йилида эса мазкур таълим даргоҳларини 4 минг 210 нафар ўқувчи 11-синфни тамомлади. Шундан 50 фоизга яқини олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган. Хусусан, Ангрен шаҳридаги айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 85,5 фоиз ўқувчилари, Оққўрғон туманидаги 49-сонли ихтисослашган мактаби битирувчиларининг 83 фоизи олий таълимга ўқишга қабул қилинганини алоҳида эътироф этиш мумкин.
А.Мусаев, ЎзА