Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони масъул ходими Алишер Худойқулов иштирокида 2021 йил бошидан буён тизимда амалга оширилаётган ишларга бағишланган бирифинг ўтказилди.
Унда Тошкент вилоятида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан билдирилган мурожаат ва таклифлар юзасидан атрофлича маълумот берилди. Хусусан, жорий йил бошидан бугунги кунга қадар тадбиркорлардан 225 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 83 таси ижобий ҳал этилди, 91 таси бўйича эса бевосита тадбиркорлар билан учрашган ҳолда тушунтиришлар берилди. Шунингдек, 5 та масала тааллуқлилиги бўйича ваколатли органларга ҳал этиш учун юборилган бўлиб, 46 та мурожаат кўриб чиқиш жараёнида.
Келиб тушган мурожаатларнинг 58 та банк-кредит, 25 таси ер ажратиш ва компенсация, 23 та маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, 18 та солиқ, 22 та суд қарорлари, 6 та шартномавий-ҳуқуқий муносабатлар, 10 та рухсатнома ва рўйхатдан ўтказишга оид ва 63 таси эса бошқа масалаларни ташкил этмоқда.
– Рақамлардан кўриниб турибдики, мурожаатларнинг асосий қисми имтиёзли кредит ажратишда ёрдам сўраб қилинган, – дейди ташкилотнинг масъул ходими Алишер Худойқулов. – Кейинги ўринда ҳокимиятлар томонидан ерга бўлган хуқуқни бекор қилинганидан норозилик ва олиб қўйилган ёки бузилган мулк учун компенсация тўлаб бериш масаласи долзарб бўлиб қолмоқда. Жумладан, Қибрай туманидаги “Қибрай сув оқава” МЧЖ нинг мурожаатига асосан, туман ҳокимлиги томонидан олиб қўйилган ер майдонини қайтариб беришни сўраб судга киритилган даъво аризаси суд томонидан қаноатлантирилиб тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқи тикланди.
Шунингдек, Бизнес омбудсманга Бўстонлиқ туманидаги тадбиркорлик субъектининг вакили қонуний манфаатларини тиклашда ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган эди. Маълум бўлишича, корхонага ер майдони ажратиб бериш тўғрисидаги туман ҳокимининг 2018 йилдаги қарори туман прокуратураси томонидан берилган протестга асосан 2021 йил январда бекор қилинган. Ваҳоланки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ Давлат органи (мансабдор шахс) нинг маъмурий ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи тадбиркорликнинг қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ҳолатда фақат суд орқали бекор қилиниши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Вакил Девони томонидан Бўстонлиқ тумани ҳокимининг 2021 йил январь ойидаги қарорини бекор қилиш ва тадбиркорнинг қонуний манфаатларини тиклаб беришни сўраб Нурафшон туманлараро маъмурий судига ариза кирититилди. Суд томонидан Вакил девони талаблари тўлиқ қаноатлантириб берилди. Шунингдек, тадбиркорлардан солиқ, кадастр ва агроинспекция ходимлари томонидан асоссиз аралашув ва ноқонуний текшириш ўтказиш ҳолатлари бўйича ҳам мурожаатлар келиб тушмоқда.
Назорат қилувчи идораларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиши ёки тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда белгиланган тартиб бузилиши ҳолати бўйича жами 1 минг 800 дан ортиқ қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди. Мазкур салбий ҳолатлар юзасидан жами 60 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилди. Бундан ташқари, тегишли вазирлик ва идораларга келгусида бу каби қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймасилик ва масъул ходимларга нисбатан чора кўрилишини сўраб тақдимномалар киритилди.
Афсуски, ҳалигача тадбиркорлик субьектлари учун ер ажратишдаги сансалорлик, таниш билишчилик ва аксарият ҳолларда таъмагирлик ва бошқа кўплаб муаммолар мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас. Айнан шу йўналишдаги муаммоларнинг ечимига йўл топиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини бериш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарори билан тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали очиқ савдога чиқариш амалиёти жорий этилган эди.
Бизнес омбдусман жорий йилда ваколатли органлар томонидан “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали ер майдонларини очиқ савдога қўйиш тартиби ва муддатларига риоя этиш ҳолатларини ўрганиб чиқди. Унда белгиланган муддатга риоя этилмагани ва ер майдонларини очиқ савдога чиқариш учун асоосиз рад этилган ҳолатлар бўйича, “Ҳудудгаз таъминот” идораларининг 16 нафар, “Ўзбек Телеком” минтақавий идорасининг 10 нафар ва Кадастр агентлигининг 15 нафар ходимига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб белгиланган тартибда чора кўриш учун ваколатли органларга юборилди.
Бундан ташқари, ёшлар билан ўтказилган учрашувларда аксарият ёшлар мустақил иш бошлашга тайёрлигини, лекин кредит расмийлаштириш ва кредит учун гаров таъминотида муаммолар юзага келаётганини билдирган. Мазкур учрашувларга “Халқ банки” ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари ҳам чақиртирилиб ёшларга “Ҳар бир оила тадбиркор”, “Ёшлар келажагимиз” дастурлари асосида имтиёзли кредит ажратиш тартиби тўғрисида батафсил тушунтириш бериб борилмоқда.
Натижада биргина Олмалиқ шаҳрининг ўзида жорий йилнинг январь-февраль ойларида манзилли дастурлар асосида банк томонидан 3 нафар фуқарога 79,5 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилган бўлса, Бизнес омбудсман томонидан имтиёзли кредитлар ажратилиши мониторинг қилиниши сабабли март-апрель ойларида 67 нафар тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган фуқарога 1,9 миллиард сўмдан зиёд кредит ажратилиши таъминланди.
Бошқа банклар томонидан ҳам имтиёзли кредитлар ажратилишини мониторингга олиш режалаштирилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА