Нурафшон шаҳрида Президентимизнинг 2020 йил 1 июлдаги “Бўш турган давлат объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда мазкур соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумот берилди.
Қайд этилганидек, мулкчилик шаклидан қатъи назар барча тоифадаги бўш турган нотурар бино ва иншоотларни, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини аниқлаш ва ҳисобини юритиш бўйича ягона тизими яратилди. Давлат ташкилотларига оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилган давлат мулки объектларининг ортиқча қисми, шунингдек, фойдаланилмаётган ёки мақсадсиз фойдаланилаётган давлат мулки объектлари Марказ томонидан олиб қўйилади.
Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси хулосасига асосан яроқсиз деб топилган давлат мулки объектларини бузиш тўғрисида Марказ қарор қабул қилади. Бўш турган хусусий мулк объектларини уларнинг мулкдорлари ихтиёрига кўра ижарага берилишида Марказ ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатади. Жорий йил 1 январь ҳолатига кўра, вилоят туман (шаҳар)ларида ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган 2 минг 660 та объектдан 2 минг 537 тасидан самарали фойдаланиш чоралари кўрилди. Жумладан, 2020 йилда 1 минг 745 та бўш турган давлат мулки объектлари 1 минг 613 нафар тадбиркорлик субъектларига ижарага берилди. Бунинг натижасида 1 минг 630 нафар янги иш ўрни яратилди.
Жойларда бузилиши белгиланган 18 та яроқсиз давлат мулки объектларидан Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан 7 та объект яроқлилиги бўйича хулосалар берилган. Қолган 11 та объектлардан бугунги кунга қадар 5 та объект бузилиб, 6 та объект бўйича ҳудудий бошқарманинг қарори қабул қилинди. Қарорлар ижросини таъминлаш бўйича МИБнинг тегишли туман (шаҳар) бўлимлари билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.
– Вилоятда 1 минг 627 та ижтимоий соҳа объектлари хатловдан ўтказилиб, шундан 41 тасида 49,9 гектар ортиқча ер майдонлари аниқланди, – дейди бошқарма бошлиғи Жамшид Тоҳиров. – Шунингдек, аниқланган ижтимоий соҳага тегишли бўш турган 49,9 гектар ер майдонларини туман ҳокимликлари захирасига олиш ва тадбиркорлик субъектларига сотиш бўйича вилоят ҳокими қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳудудий бошқарма балансига олиниши белгиланган 48 та бўш турган объектлар бирин-кетин назоратга олиняпти. Ўз навбатида, давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича “Йўл харита”лари ишлаб чиқилган.
Ҳудудда ўтган йил 2 минг 524 та хусусий мулк объектларига нисбатан 135,1 миллиард сўм оширилган солиқ ставкалари қўлланилиб, 25,9 миллиард сўм ундирилди. Бунинг натижасида 704 та хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти тикланишига эришилди.
Анжуманда мутахассислар томонидан жорий йилда ҳали хатловга олинмаган объектлардан самарали фойдаланиш борасида кўриладиган чора-тадбирларга ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, жойларда хатлов ишлари давом эттирилиб, қўшимча 3 мингдан зиёд нотурар бино-иншоотлар ўрганилади. Уларнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар Давлат мулки ахборот тизимига юкланади. Бугунги кунда вилоят ҳудудида жойлашган 156 та бўш турган бино-иншоотни ижарага бериш ва 71 таси эса сотиш учун электрон онлайн аукцион савдоларига қўйилган. Талабгорлар мазкур аукцион савдоларида иштирок этиб мулкдор бўлиши мумкин.
Тадбирда журналистлар томонидан мавзу юзасидан берилган саволларга атрофлича жавоб берилди.
А.Мусаев, ЎзА