Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Бугундан Нурафшон шаҳрида “Саломатлик марафони” миллий ҳаракати бошланди. Август ойи давомида ўтказиладиган мазкур акция аҳоли ўртасида касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта босқичларда аниқлаш, саломатликни мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган.
Марафон доирасида оилавий поликлиникалар, вилоят тиббиёт муассасаларининг тажрибали шифокорлари ҳамда республика мутахассислари иштирокида аҳолининг турли қатламлари тиббий кўрикдан ўтказилади. Айниқса, эндокрин ва юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, шунингдек, 40 ёшдан ошган аёлларни скрининг текширувларидан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилади. Кўриклар давомида фуқароларнинг саломатлик ҳолати ўрганилиб, зарур ҳолларда тегишли тавсия ва даволаш чоралари белгиланади. Текширув натижалари ягона электрон база — “D-Med” дастурига киритилиб, аҳоли саломатлигини мунтазам мониторинг қилиш имконияти яратилади.

***
Тошкент ҳарбий округи ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти кенгаши ҳамкорлигида ҳарбий қисмлар ўртасида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг округ босқичи ўтказилди. Мазкур ташаббус ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш, ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва жамоавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилди.

Жараёнда иштирокчилар Ватанга садоқат, ҳарбий хизмат шарафи, миллий қадриятлар ва тинчлик мавзуларини ёритган саҳна кўринишлари, ҳажвий чиқишлар ҳамда мусиқий дастурларни намойиш этди. Ҳакамлар ҳайъати чиқишларнинг мазмундорлиги, ижро маҳорати, саҳна маданияти ва ҳозиржавоблигига алоҳида баҳо берди.
Танлов якунида энг муносиб жамоалар ғолиб ва совриндор деб эътироф этилиб, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, улар танловнинг кейинги босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
***
Тошкент вилояти Божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси тезкор ходимлари ҳамда ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда Бекобод шаҳри ҳудудида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида олдиндан тезкор кузатувга олинган “Нехиа-1” русумли енгил автомашинада ҳаракатланган шахслар Бекобод шаҳрининг Қардошлик-2 кўчасида ерга кўмиб яширилган, умумий оғирлиги 1 минг 11 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситасини олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан тегишли текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА