Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Чирчиқ шаҳрида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекция ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ҳамкорлигида сайёр қабул ташкил этилди.
Унда фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Шундан сўнг шаҳардаги ижтимоий объектларда амалга оширилаётган ишлар жойига чиқиб ўрганилди. Хусусан, 20-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида яратилган шароитлар билан танишилди. 100 ўринли мазкур муассаса алоҳида таълимга эҳтиёжи бор болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли таълим-тарбия олиши, ижтимоий мослашуви ҳамда ҳар томонлама ривожланишини таъминлашга хизмат қилмоқда.

***
“Бекобод темир йўл” чегара божхона пости ходимлари ҳамда ДХХ Чегара қўшинлари томонидан “Хўджанд –Хаваст” йўналишида ҳаракатланган поезд вагонлари божхона назоратидан ўтказилди. Текширув жараёнида вагонлардан бирининг ички қисмига яширин тарзда жойлаштирилган 6 та полиэтилен қоп ичида жами 126 қути сигарета тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан дастлабки текширув ишлари олиб борилмоқда.
Мутахассислар маълумотига кўра, вилоят божхоначилари томонидан жорий йилнинг дастлабки 3 ойи давомида акциз маркаси билан маркаланмаган 87 та ҳолатда, қиймати 774 миллион 300 минг сўм бўлган 36 283 қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.


***
Тошкент вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳудудий бўлими ва Тошкент шаҳар Асл овчилар жамоаси билан биргаликда Чиноз туманидан оқиб ўтувчи Чирчиқ ҳамда Сирдарё дарёсида балиқ човоқлари ташлаш хайрия тадбири ўтказилди.
Унда икки мингдан ортиқ зоғора балиқлари сувга қўйиб юборилди. Бу каби хайрли ташаббусларни келгусида ҳам давом эттириш, атроф-муҳитга бефарқ бўлмаган фуқароларни янада бирлаштириш режалаштирилмоқда.


Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, балиқларнинг урчиш даврида балиқ овлаш тақиқланади. Жумладан, Амударё ва Сирдарё дарёларида 11 мартдан 31 майгача, бошқа барча табиий сув ҳавзаларида эса 16 апрелдан 31 майгача балиқ овлашга рухсат берилмайди.
А.Мусаев,ЎзА.