Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилояти Бекобод туманида қишлоқ хўжалигининг муҳим босқичларидан бири — чигит экиш жараёнига старт берилди. Жорий йилда ҳам илғор “Шинжон” технологияси асосида пахта 76/10 схемада, плёнка остида экиш усулида етиштирилмоқда. Бу эса ҳосилдорликни ошириш ва ресурслардан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Мавсум олдидан Ҳамза маҳалласидаги муқаддас Бузрук бобо зиёратгоҳида жонлиқ сўйилиб, эҳсон қилинди. Юрт тинчлиги ва баракали ҳосил тилаб, дуолар қилинди. Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Х.Қорабоев жараён билан танишиб, деҳқонларга муҳим тавсиялар берди. Айни пайтда замонавий техникалар ишга туширилиб, ерлар сифатли тайёрланмоқда. Сув тежовчи технологиялар ва самарали агротехник тадбирлар эса мўл ҳосил олишнинг асосий омили бўлиб хизмат қилмоқда.
***
Тошкент вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи А. Инагамов томонидан Нурафшон шаҳрида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар иштирокида учрашув ўтказилди.
Унда Президентимизнинг 2025 йил 10 декабрдаги “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди. Мазкур ҳужжат орқали нақдсиз тўловларни кенгайтириш, яширин иқтисодиёт улушини камайтириш ҳамда бизнес жараёнларида шаффофликни таъминлаш кўзда тутилган.

Маълумки, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб айрим тўловлар — давлат хизматлари, коммунал тўловлар, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, ёқилғи хариди, 25 миллион сўмдан ортиқ товар ва хизматлар ҳамда айрим транспорт ва кўчмас мулк олди-сотдиси фақат банк картаси ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади. Мазкур янгиликлар иқтисодиётда шаффофликни ошириш, солиқ тушумларини кўпайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини янада тартибга солишга хизмат қилади.
***
Тошкент вилояти аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида Нурафшон шаҳрини бошқа ҳудудлар билан боғловчи автобус йўналишлари босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда. Хусусан, Нурафшон шаҳри – Ўрта Чирчиқ туманининг Туябўғиз қўрғони йўналишида ҳам йўловчиларга мунтазам хизмат кўрсатиш бошланди. Автобуслар аҳолига қулай, хавфсиз ва ҳамёнбоп нархларда хизмат кўрсатади.

Нурафшон шаҳри ҳокими Илхом Кличханов томонидан мазкур йўналишда ҳаракатланиш жараёни, автобуслар ҳамда бекатларнинг ҳолати назоратдан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан масъулларга қатъий топшириқлар берилди.
А.Мусаев,ЎзА.