Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоятда мақбуллаштирилган маҳаллалар чегараларини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ Давлат кадастрлари палатаси ва Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармалари томонидан вилоят ҳудудидаги маҳаллалар сонини оптималлаштириш бўйича белгиланган тартибда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Унга кўра, маҳаллалар сони 142 тага қисқарди, 178 та маҳалла чегараларига ўзгаришлар киритилди. Вилоят бўйича жами мавжуд маҳаллалар сони 883 та бўлди.
Сессияда давлат кадастрлари палатаси Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғининг ушбу масала юзасидан берган ҳисоботи кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан мақбуллаштирилган маҳаллаларнинг чегаралари тасдиқланди.
***
Тошкент вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими тезкор тузилмалари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вакиллари билан ҳамкорликда Бектемир туманида тезкор тадбир ўтказилди.

Унда “Сирдарё – Тошкент” йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган енгил автотранспорт воситаси “Бектемир” ЙПХ масканида тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Натижада қиймати 56,4 миллион сўмни ташкил этувчи 378 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
***
Чирчиқ шаҳрида “Интеллектуал кимё технология тизимлари” илғор муҳандислик мактабининг очилиш тадбири бўлиб ўтди. Тошкент кимё-технология институти ва “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур мактаб Президентимиз раҳбарлигида 2024 йил 20 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида, кимё саноатида таълим-фан-ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш мақсадида йўлга қўйилди.

Чирчиқ кимё-индустриал технопарки ҳудудида жойлашган мактаб кимё саноати учун замонавий, амалиётга йўналтирилган ва халқаро талабларга мос муҳандис-технологларни тайёрлашга қаратилган. Икки йиллик таълим жараёнида талабалар саноат корхоналарида ҳақиқий лойиҳалар ва тадқиқот ишларида иштирок этади. Мактаб фаолияти кимё саноатида рақамли, экологик ва технологик янгиланишларни жорий этиш, энергия тежамкор ва экологик хавфсиз технологияларни ривожлантиришга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА.