Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Оҳангарон туманидаги “Ангрен” эркин иқтисодий зонасининг “Ақча” ҳудудида Ўзбекистон – Польша ҳамкорлигида барпо этиладиган янги савдо ва логистика марказига тамал тоши қўйилди.
Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Польша Республикаси элчихонаси расмийси Мариан Пшендзески, шунингдек, жамоатчилик фаоллари, ишбилармон доира вакиллари ҳамда нуронийлар иштирок этди.

Хусусан, бу лойиҳа учун ажратилган ер майдонида замонавий логистика инфратузилмаси, саноат ва савдо майдонлари, ҳудудлараро товар айрибошлаш алоқаларини ривожлантиришга хизмат қиладиган сервис объектлари барпо этилади. Таъкидлаш жоиз, Польша каби Европа Иттифоқи давлатлари билан саноат кооперацияси ва инвестициявий шериклик янги босқичга кўтарилмоқда.
Қурилаётган янги марказ ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий ва хорижлик ҳамкорларнинг савдо-сотиқ муносабатлари учун қулай шароитлар, замонавий транспорт-логистика инфратузилмаларини яратишга хизмат қилади.
***
Вилоят бўйлаб кенг кўламли “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлар давом этмоқда. Хусусан, Ўрта Чирчиқ тумани ИИБ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тадбирда 1975 йили туғилган фуқаро (А.Р.) яшаш хонадонининг молхонаси томида гугурт қути, шиша идиш ва целлофан қопларга жойланган беш килограмм “марихуана” гиёҳвандлик воситаси сақлаб келингани аниқланиб, ушланди.


Шунингдек, гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилишга мўлжалланган махсус ясалган воситалар ҳам далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилди. Ҳолат юзасидан ушланган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
***
Тошкент вилоятида “Саломатлик сари ҳаракат” лойиҳасига старт берилди. Шу муносабат билан Ўрта Чирчиқ туманидаги 3-умумтаълим мактабида “Тенгдош – тенгдошга” тамойили асосида мазкур лойиҳанинг намунавий амалга оширилиши бўйича учрашув бўлиб ўтди.


Унда тиббиёт ва таълим соҳаси масъуллари, туман хотин-қизлар фаоллари, умумтаълим мактаблари директорлари ўринбосарлари, психологлар ҳамда фаол ўқувчилар иштирок этди. Лойиҳа доирасида таълим муассасаларида ҳар бир синф кесимида “Саломатлик волонтёрлари” танлаб олиниб, мактабларда “Саломатлик куни” тадбирлари турли хилдаги машғулотлар ўтказилиши белгиланди. “Оила – мактаб – тиббиёт” ҳамкорлиги асосида амалга оширилаётган ишлар юзасидан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари ўринбосари Феруза Раҳматуллаева ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний ва руҳий саломатликни мустаҳкамлаш, шунингдек, эрта никоҳ ва туғруқ, зарарли одатларнинг олдини олишга қаратилган долзарб вазифалар ҳақида сўз юритди.
А.Мусаев, ЎзА.