“Ёш китобхон оила” танлови юртимизда ёш оилаларнинг маънавий дунёсини бойитиш, уларни фарзандларига ибрат бўладиган, китобхон ва билимли ота-оналар сифатида тарбиялашда катта самара бермоқда.
Хусусан, жорий мавсум Тошкент вилоятида ташкил этилган танловда иштирок этиш учун тўққиз мингдан ортиқ ёш оилалар рўйхатдан ўтган. Тест синовлари натижаларига кўра энг юқори балл тўплаганлар орасидан вилоят ғолиблари аниқланди.
Ҳудудий босқич натижаларига кўра, биринчи ўринни Чирчиқ шаҳридан Эшонқуловлар оиласи қўлга киритди. Иккинчи ўрин Олмалиқ шаҳридан Юнусовлар, учинчи ўрин эса Бекобод туманидан Носирхоновлар оиласига муносиб кўрилди. Ғолиб оила республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилади.
***
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев жойлардан қабулга ёзилган фуқаролар билан онлайн мулоқот ўтказди. Аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини тезкор тинглаш ва ҳал этиш, энг муҳими, вақтдан ютиш мақсадида вилоят раҳбарининг онлайн қабуллари мунтазам ўтказиб борилмоқда.

Бу галги қабулда Нурафшон, Янгийўл, Чирчиқ, Оҳангарон, Ангрен шаҳарлари, Бўстонлиқ, Қибрай, Паркент туманларидан қабулга ёзилган 30 нафарга яқин фуқаронинг масаласи мутасаддилар иштирокида эшитилди. Қабулда аҳоли соғлиқни сақлаш, моддий кўмак, уй-жой ва маиший турмуш муаммолари, коммунал хўжалик, кадастр, таълим, бандлик йўналишидаги муаммолар ўрганилди.

Мулоқотда тиббий хизмат, кредит, бандлик, кадастр хизмати, маиший турмуш масалаларига доир ўндан ортиқ мурожаатга тезкор ечим топилди. Айрим масалаларни жойига чиқиб ўрганиш юзасидан масъуллар ва депутатлар иштирокида тезкор комиссиялар тузиладиган бўлди.
***
Янгийўл шаҳар Тиббиёт бирлашмаси тажриба-синов ҳудуди сифатида белгиланиб, бирламчи тиббий хизматни ташкил этишда янги ёндашувлар жорий этилди. Хусусан, Шаҳар Тиббиёт бирлашмаси негизида Янгийўл шаҳар Соғлиқни сақлаш бўлими ташкил этилди.

Таркибига 435 ўринли марказий шифохона ҳамда умумий 1 минг 35 қувватга эга бўлган иккита II типдаги оилавий поликлиника киритилди. 1-сон оилавий поликлиника учун қурилиш ва реконструкция ишларига 8,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Бу муассаса 48 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатади.
Янги тизим доирасида тиббий бригадалар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилиб, улар учун босқичма-босқич ўқув курслари ташкил этилди. Тест натижалари асосида 100 фоизгача устама тўлаш тизими жорий этилди. Тиббиётни рақамлаштириш ва қоғозбозликни камайтириш орқали тиббиёт ходимлари иш юкламалари 30 фоизгача қисқартирилди.

Муассасада аҳоли, айниқса, ногиронлар учун ҳам барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Бугун мазкур оилавий поликлиника фаолияти расман иш бошлади. Очилиш маросимида республика, вилоят, шаҳар масъуллари, тиббиёт ходимлари, нуронийлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.
А.Мусаев, ЎзА