Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдаги сессиясида Бекобод, Бўстонлиқ, Оққўрғон ва Ўрта Чирчиқ туманларидаги 17 нафар фуқаронинг якка тартибдаги уй-жойларига ва улар жойлашган ер участкаларига нисбатан эгалик ҳуқуқлари эътироф этилди.
Эндиликда мазкур ҳужжат эгалик ҳуқуқи учун асос бўлиб, келгусида яшаш жойига доимий рўйхатга қўйиш, мерос ва бошқа бир қатор нотариал ҳаракатларни амалга ошириш имкониятини яратади. Ҳозирда Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармасининг 200 дан ортиқ ходимлари томонидан режа-жадвалга мувофиқ ҳудудларда хатлов ишлари амалга оширилмоқда. Бугунгача Тошкент вилояти бўйича қарийб 45 минг объект хатловдан ўтказилди.


***
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ Бошқарув раисининг тегишли топшириғи билан республиканинг барча ҳудудларида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш бўйича назорат тадбирлари давом этмоқда.

Хусусан, Қибрай туманида “Ҳудудгаз Тошкент” газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари, туман газ таъминоти бўлими, Ўзэнергоинспекция ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорлигида ўтказилган рейд жараёнида қонунбузарлик ҳолати аниқланди. “Зебинисо” МФЙда жойлашган “М.С.Б.” МЧЖга қарашли бинода газдан фойдаланиш ҳолати кўздан кечирилганда, истеъмолчи лойиҳа-техник ҳужжатларисиз табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан резина шланг орқали уланиб, “зангори ёқилғи”дан ноқонуний фойдаланаётгани маълум бўлди.
Ҳолат юзасидан тегишли тартибда далолатнома тузилиб, сарфланган табиий газ ҳажми қайта ҳисоб қилинди ва 353 миллион 203 минг сўм зарар аниқланди. Ноқонуний ҳолат бўйича барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

***
Тошкент туманида томорқадан самарали фойдаланишга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда Президент Администрацияси ҳузуридаги ишчи гуруҳ вакиллари, туман ҳокимлиги мутасаддилари, маҳалла фаоллари, ҳоким ёрдамчилари, аграр соҳа мутахассислари, фермерлар ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди.
Жараёнда агрономлар томонидан помидор, қалампир, картошка ва полиз экинларини парваришлаш, органик ўғитлардан самарали фойдаланиш, томчилатиб суғориш технологияси бўйича атрофлича маълумот берилди. Иссиқхона қуриш ва ундан даромад олиш усуллари ҳақида айтилди.
Семинарда бир неча намунали томорқа лойиҳалари кўрсатилди ва иштирокчилар томонидан қизғин муҳокамалар олиб борилди.


А.Мусаев, ЎзА.