Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори Иброҳим Эргашев Бекобод туманида маҳаллий деҳқон-фермерлар ва тадбиркорлар билан учрашув ўтказди. Унда Президентимизнинг 2025 йил 8 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Хусусан, мазкур ҳужжат асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш, экспорт қилиш ва кооперация тизимини ташкил қилиш учун имтиёзлар жорий этилмоқда. Бунда қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этган фуқароларга қатор имкониятлар тақдим этилади. Мулоқот давомида ҳудуднинг аграр ва логистика имкониятлари, етиштириладиган маҳсулотлар, ўсимликларни карантин талаблари асосида парваришлаш каби мавзулар кўриб чиқилди.
***
“Аждодлар изидан” интеллектуал ўйинининг Тошкент вилояти босқичи ўтказилди. Унда ҳудудда жойлашган мудофаа, ички ишлар, божхона, миллий гвардия каби куч тузилмалардан тузилган жамоалар қатнашди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши томонидан ҳамкор ташкилотлар билан бирга ташкил этилган ушбу танловда кўплаб ёзувчи ва шоирлар, жадидлар ҳаёти ва ижоди тўғрисида тузилган саволларга ёш ҳарбий хизматчилар жавоб берди.

Якуний натижаларга кўра, Мудофаа вазирлигига қарашли Олмалиқ шаҳридаги ҳарбий қисмнинг “Миллат умиди” жамоаси фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин вилоят Божхона бошқармасининг “Божхоначилар” жамоаси қўлга киритган бўлса, учинчи ўрин вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг “Нажоткорлар” жамоасига насиб этди.
***
Тошкент давлат аграр университетининг иқтидорли талабалари навбатма-навбат Германия ва Польшадаги халқаро амалиёт дастурларида иштирок этиш учун кузатилмоқда. Шу муносабат билан университет ректори Нарзулло Обломуродов талабаларга самимий тилаклар билдирди, муҳим тавсиялар берди.


Хусусан, талабаларнинг бир гуруҳи яқин кунларда Германияда уч ойлик ишлаб чиқариш амалиётини бошлайди, яна бир қисми эса Польшадаги олти ойлик чуқурлаштирилган тажриба дастурида қатнашиш имконига эга бўлади. Жами 77 нафар талаба замонавий қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганади. Муҳими, бу ташаббус уларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаб, халқаро кўникмаларни оширишга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА.