Тошкент вилояти солиқ бошқармаси раҳбарияти Пискент туманида фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда соҳадаги муаммолар, солиқ соҳасидаги янгиликлар ва ислоҳотлар муҳокама қилинди.
Жумладан, Президентимизнинг жорий йил 19 мартдаги “Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ тадбиркорлик субъектларига берилаётган имкониятлар тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Учрашув савол-жавоб ва фикр алмашиш тарзда бўлиб ўтди. Вилоят солиқ бошқармаси раҳбарияти ҳамда учрашувда иштирок этган мутасадди ташкилотлар масъуллари ҳар бир мурожаатларни тинглаб, ечимлар ва тавсиялар берди.

***
Бўстонлиқ туманида Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи ҳудудларини қўриқлаш инспекторлари томонидан навбатдаги назорат тадбири ўтказилди. Унда Тошкент шаҳар Учтепа туманида яшовчи 1995 йили туғилган фуқаро Р.Ф. булбул сайроқи қушларни ноқонуний овламоқчи бўлгани аниқланди.
Мазкур ҳолатда фуқаро Ўзбекистон Республикасининг “Ов қилиш ва ов хўжалиги тўғрисида”ги қонуни талабларини бузгани аниқланди ва маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар суд органларига юборилди.

***
“Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақалари доирасида ташкил этиб келинаётган спортнинг мини-футбол ва футбол турлари бўйича “Давлат хавфсизлиги хизмати кубоги” спорт мусобақаларида Юқори Чирчиқ туман ёшлари икки йил кетма-кет республика финал босқичида муносиб ўрин эгаллади. Ёшларнинг қайд этган юксак натижаси эвазига, туман аҳолисини спорт билан шуғулланишлари учун саккизта замонавий турдаги спорт майдончалари барпо этилди.


Хусусан, “Оқовул” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ёшлар учун ана шундай универсал спорт майдони фойдаланишга топширилди. Жорий йилда ҳам “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақаларида Юқори Чирчиқ туманининг 34 минг нафар ёшлари иштирок этиш истагини билдирган. Мусобақанинг очилиш маросимида вилоят фаоллари иштирок этди.
А.Мусаев, ЎзА