Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти бошқармасида аҳолининг ичимлик сувидан бўлган дебитор қарздорлигини камайтириш ҳамда ундирув самарадорлигини ошириш борасида масъул соҳа вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Унда МИБ вилоят бошқармаси бошлиғи О.Бозоров, “Тошкентсувтаъминот” АЖ вилоят бошқармаси раҳбарияти ҳамда аудио-конференция орқали ҳудудий бўлимлар вакиллари иштирок этди. Очиқ мулоқот аввалида амалга оширилган ишлар хусусида сўз бориб. Жумладан, Бюронинг Тошкент вилоят бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жами 2 минг 99 та 11,2 миллиард сўмлик ижро ишлари тамомлангани қайд этилди.
Ҳозирда иш юритувда мавжуд ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлаш билан бир қаторда, “Тошкентсувтаъминот” АЖда вужудга келган қўшимча дебитор қарздорликларни ундириш ва қисқартириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

***
“Ватан равнақи, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди” шиори остида Тошкент туманидаги умумтаълим мактаби ўқувчи ёшларга қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар кўргазмаси ташкил этилди. Унда ДХХ чегара қўшинларига қарашли Тошкент туманида жойлашган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари томонидан давлат чегарасини қўриқлашда фойдаланадиган замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар намойиш этилди.
Тадбир давомида ДХХ чегара қўшинлари намунали оркестр жамоаси томонидан мусиқий чиқишлар барчага манзур бўлди. Шундан сўнг ҳарбийлар, фахрийлар, маҳалла ва ўқувчи ёшлар иштирокида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди.


***
Чирчиқ шаҳрида “Соғломлаштириш ойлиги” ўтказилди. Хусусан, Чирчиқ шаҳар Кўп тармоқли марказий поликлиникасида “Камбағалликдан фаровонлик сари” давлат дастури доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож камбағаллик реестрига киритилган аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди.
Вилоят миқёсидаги тор доирадаги малакали мутахассислар (терапевт, эндокринолог, офтальмолог, акушер гинеколог, хирург, невропатолог, онколог, кардиолог, травматолог, пульмонолог, фтизиатр, отоларинголог, педиатр, ЭКГ, УТТ, лаборатория текширувлари) томонидан беморлар қабул қилинди. Мақсад касалликларни эрта, барвақт аниқлаш ва соғломлаштиришга эришишдир.
Жами 461 нафар аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Улардан 197 нафарида касалликлар аниқланиб, 180 нафари амбулатор, 17 нафар стационар шароитда даволанишга тавсия этилди.


А.Мусаев, ЎзА