
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида юртимиздаги барча ташкилот, муассаса ва корхоналар ходимлари томонидан ҳудудларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, кўчат экиш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.
Жумладан, Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти бошқармаси ташаббуси билан Оҳангарон ва Ўрта Чирчиқ туманида ҳашар ташкил этилди. Унда 5 мингдан ортиқ манзарали кўчатлар экилди. Амалга оширилаётган бу каби эзгу ишлар она табиатни асрашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

***
Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси инспекторлари Бўстонлиқ туманида экологик назорат тадбирларини ўтказди. Унда ҳудуддан оқиб ўтувчи Оқсоқота сойининг оқим бўйлаб чап тарафидан давлат рақами ечиб олинган юклагич ёрдамида қум-шағал аралашмаларини юкташиш автотранспорт воситасига ҳеч қандай рухсатномасиз юклаб берилаётган ҳолат аниқланди.

Шу бўйича суриштирув жараёнида ҳайдовчилар қум-шағал аралашмаларини қазиб олишни И. исмли фуқарони оғзаки топшириғига асосан шу ҳудудда жойлашган тош майдалаш цехига олиб бориб тўкаётгани ва цехни номини билмаслигини маълум қилган. Воқеа жойида Бўстонлиқ туман Ички Ишлар бўлими Йўл патруль хизмати ходими жалб қилиниб 1 дона юк ташувчи автотранспорт воситаси вақтинчалик сақлаб туриш учун туман ҳудудида жойлашган жарима майдончасига жойлаштирилди.
Ҳуқуқбузарлар табиатга 4 миллиард 504 миллион сўмдан зиёд миқдорида зарар етказилгани аниқланди. Ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар Бўстонлиқ тумани Прокуратурасига юборилди.

***
Савдо-саноат палатаси раис ўринбосари бошчилигида Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида сайёр қабул ўтказилди. Унда 150 нафарга яқин тадбиркорлар иштирок этди.

Шундан 52 нафар тадбиркор мурожаати шу ернинг ўзида ҳал этилди, қолган муаммо ва таклифлар ечими бўйича тегишли ташкилотларга кўрсатма берилиб, чора-тадбир ва йўл харита ишлаб чиқилди.
Ҳудудларда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг муаммоларини жойларда ҳал этиш бўйича сайёр қабуллар давом этмоқда.

А.Мусаев, ЎзА