
Бўстонлиқ туманида туризм, меҳмонхона ва хизматлар соҳаси вакиллари учун тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар ва туризм соҳасидаги имтиёзлар ҳақида семинар ташкил этилди.

Шунингдек, имконияти чекланган фуқаролар томонидан тайёрланган қўл меҳнати маҳсулотлари ярмаркаси ташкил қилиниб, тадбиркорлар томонидан ушбу маҳсулотлар сотиб олинди. Масъуллар томонидан “Ҳамкор тадбиркор” дастурини давом эттириб, Тошкент вилоятидаги 100 нафар даромад топиш истагидаги аёллар тадбиркорларга бириктирилди.
***
Бу йил Пискент тумани “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ томонидан 2988 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилинади.


Тумандаги 76 та фермер хўжаликнинг 800 гектар пахта майдони томчилатиб, 300 гектар ғалла майдони ёмғирлатиб, 250 гектар майдон дискрет, 360 гектари эгилувчан қувурлар ёрдамида, 80 гектар майдон плёнка тўшаш усулида суғорилади. Натижада ҳудудларда 30-40 фоиз сув тежалади.
***
Тошкент вилояти прокуратураси органлари томонидан ҳудудларни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, маҳаллаларни кўкаламзорлаштириш ва ёшларни спортга жалб қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Паркент тумани Қизилсой маҳалласида вилоят прокурори А.Мирзаев раҳбарлигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида маҳалла нуроний ва оқсоқоллари иштирокида “Дўстлик боғи” барпо этилди.

Туманнинг олис ҳудудларидан бири бўлган 2 минг 200 нафарга яқин кўп миллатли аҳоли истиқомат қилувчи мазкур маҳалла ёшларини спортга кенг жалб қилиш мақсадида ўтказилган миллий кураш, арқон тортиш, шахмат ва шашка мусобақасининг совриндорлари муносиб тақдирланди. Шунингдек, маҳаллада истиқомат қилувчи иқтидорли ёшларнинг зардўзлик, рассомлик ва чизмачиликка оид кўргазма намуналари тадбир иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.
А.Мусаев, ЎзА