
Ўрта Чирчиқ туманида Тошкент вилояти бўйича ягона бўлган мебелчиликка ихтисослашган йирик микро-марказ ташкил этилди.
Унда 40 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиши ва мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган. Очиқ мулоқот шаклида ўтказилган учрашувда туман раҳбари тадбиркорларга микро-марказдаги имкониятлар ва имтиёзлар ҳақида маълумотлар берди.

***
Чирчиқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида кичик ўсмирлар ўртасида Чирчиқ шаҳрининг 90-йиллигига бағишланган Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Мазкур мусобақа доирасида белбоғли кураш бўйича Чирчиқ шаҳар ҳокими кубоги учун ҳам беллашувлар ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 400 нафардан зиёд ёш полвонлар белбоғли курашнинг эркин ва классик йўналишларида чемпионлик учун куч синашди. Тадбирнинг тантанали очилиш маросимидан сўнг Чирчиқ шаҳар ҳокими кубоги учун беллашувларида ғолиблар аниқланди.
Унга кўра, 50 килограмм вазн тоифасида мезбон спортчи Отабек Шавкатов барча рақибларини мағлубиятга учратиб, Чирчиқ шаҳар ҳокими кубогини қўлга киритди. Икки кунлик беллашувларда Камрон Носиржонов (Наманган), Даурхан Турсунбаев (Қорақалпоғистон), Ҳусан Энверов (Тошкент вилояти), Искандар Обидов (Фарғона), Азамат Ўролов (Сирдарё), Эргашхон Камолова (Андижон), Шаҳризода Убайдуллаева (Қашқадарё), Ҳилола Фахриддинова (Навоий) сингари ёш белбоғли курашчилар ўз вазн тоифаларида чемпионликка эришди. Барча ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.


***
Бекобод туманида жорий йилнинг ҳосили учун чигит экиш тадбирларини сифатли ўтказиш бўйича йиғилиш ўтказилди. Унда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида ҳоким ўринбосарлари, вилоят Прокуратураси масъуллари, масъул бошқарма ва ташкилот раҳбарлари, фермер хўжаликлари ҳамда тумандаги мутасаддилар қатнашди.
Жорий йилда Бекобод туманида жами 7 минг 310 гектар майдонга чигит экиш режа қилинган. Бу ишларга тайёргарлик кўриш, бошоқли дон экинларини парваришлаш, фермер хўжаликлари ички ариқларини бетонлаштириш тўғрисида масъулларнинг ҳисоботи тингланди.
Бекобод туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси тадбирларини изчил олиб бориш, дала четларига мевали ва манзарали кўчатларни экиш ҳамда қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар тўғрисида топшириқлар берилди.


***
Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Яллама” чегара божхона пости орқали юк автотранспорт воситасида юртимизда фаолият олиб бораётган масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига олиб келинаётган юклар божхона кўригидан ўтказилди. Холислар иштирокида ташкил этилган божхона кўриги давомида, юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган 350 килограмм мева маҳсулотлари борлиги аниқланди.


Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА